Жаҳон | 10:15 / 02.11.2024
6167
3 дақиқада ўқилади

Collins луғати “brat”ни йил сўзи деб эълон қилди. Унинг маъноси нима?

Ушбу сўз британиялик қўшиқчи Чарли XCX албомидан сўнг кенг оммалашди.

Фото: AP

Ўзига ишонган ва ҳаётдан завқ оладиган шахсни англатувчи brat сўзи Collins луғати томонидан 2024 йил сўзи деб эълон қилинди. У жорий йил руҳини акс эттирувчи 10 та сўз орасидан биринчи ўринни эгаллади. Рўйхатдаги кўплаб атамалар ёшлар жаргони ва ижтимоий тармоқлардан келиб чиққан. Бу ҳақда луғат блогида хабар берилди.

Collins таърифига кўра, brat сўзи ўзига ишонган, ёрқин шахсни ифодалайди. Бундай шахс мустақил ва ҳузур-ҳаловатга йўналтирилган турмуш кечиради. Мазкур сўз эркинлик, ўзига ишонч ва ўз-ўзини ифодалашнинг рамзига айланган, бу эса бутун дунё бўйлаб одамларда ўз аксини топмоқда. Атама британиялик қўшиқчи Чарли XCX албомидан сўнг кенг оммалашди.

“Бу шунчаки муваффақиятли албом эмас, балки бутун дунё бўйлаб одамлар томонидан эътироф этилган маданий ҳодиса, брат суммер эса ўзига хос эстетика ва турмуш тарзига айланди”, — деб таъкидлади луғат тузувчилар.

Топ ўнталикка era (Тайлор Свифтнинг Эрас сафаридан илҳомланган) ва TikTok’да машҳурликка эришган yapping (ортиқча сафсата) каби оммабоп атамалар ҳам кирди. Тренддаги сўзлар орасида, чиройли кўринишга интилиш маъносини англатувчи looksmaxxing ва delulu (delusional сўзидан қисқартма – “ҳақиқатдан узилиб қолган” маъносини беради) ҳам бор.

Рўйхатга brainrot сўзи ҳам киритилган — бу ҳаддан ташқари кўп мэмлар ва бошқа “бир соатдан кейин унутиладиган” контентни истеъмол қилиш натижасида пайдо бўладиган онг хиралашувини ифодалайди.

Collins бошқарувчи директори Алекс Бикрофт таъкидлашича, рўйхатнинг шаклланишига Z ва Alfa авлодлари вакиллари катта таъсир кўрсатган.

Collins English Dictionary — Harper Collins нашриёти томонидан нашр этиладиган инглиз тили изоҳли луғати. Таҳририят ҳар йили ноябрда “Йил сўзи”ни эълон қилади. 2020 йилда “локдаун”, 2023 йилда эса “сунъий идрок” йил сўзи деб топилганди.

Мавзуга оид