Иқтисодиёт | 13:38 / 03.11.2024
2804
5 дақиқада ўқилади

Доллар индексида тебранувчанлик, Bitcoin нархи қимматлашди — халқаро молия бозори шарҳи

АҚШдаги президентлик сайловлари фонида асосий қимматбаҳо металларнинг аксарияти арзонлашди. Йил бошидан бери олтин нархининг ошиши қарийб 33 фоизни, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши эса 4 фоизни ташкил қиляпти.

Фото: AP

Октябр ойининг сўнгги ҳафтасида АҚШда муҳим чораклик ва ойлик ҳисоботлар эълон қилинди. Сўнгги 1 ҳафта ичида дастлабки ишсизлар даъволари аризаларини тўлдирганлар сони камайган ва кутилгандан ҳам яхшироқ – 216 мингтани ташкил этган. Ўтган ойдаги ишсизлик даражасида ҳам ёмонлашиш суръати кузатилмаган ва 4,1 фоиз бўлган. Бироқ янги иш ўринларининг очилиш статистикасига назар ташланадиган бўлса, сентябр ойида бу кўрсаткич прогноз пастроқ натижани қайд этганига гувоҳ бўлиш мумкин. Иқтисодий ўсишни таъминлайдиган бошқа кўрсаткичлар, масалан, ЯИМ ўсиши дастлабки маълумотларга кўра 2,8 фоизни ташкил этган. Истеъмолчилар ишончи ва ишлаб чиқариш харидлари индекслари октябр ойида мос равишда 108,7 ва 46,5 бўлган, шахсий истеъмол харажатлари индекси эса прогноз бироз паст – 2,1 фоиз ўсишга эришган.

Jahon Insights канали экспертлари 28 октябрдан 1 ноябргача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.  

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5728 (ҳафта бошидан -1,37 фоиз, йил бошидан +20,11 фоиз);
  • NASDAQ – 18239 (ҳафта бошидан -1,5 фоиз, йил бошидан +21,51 фоиз);
  • DJI – 42052 (ҳафта бошидан -0,15 фоиз, йил бошидан +11,58 фоиз).

Ҳафта савдоларида Dow Jones индекси 62 пунктга, NASDAQ ва S&P500 мос равишда 279 ва 79 пунктга пасайди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2735 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -0,39 фоиз, йил бошидан +32,63 фоиз;
  • Кумуш – 32,4 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -3,72 фоиз, йил бошидан +36,43 фоиз.
  • Алюминий – тоннаси 2601 доллар (ҳафта бошидан -2,67 фоиз; йил бошидан +8,91 фоиз);
  • Мис – 4,32 доллар (ҳафта бошидан -0,46 фоиз; йил бошидан +12,21 фоиз).

Қимматбаҳо металлар ҳам президентлик сайловлари авжига чиқиши ва октябр ойи макро маълумотлари эълон қилиниши фонида тебранувчанликка юз тутди. Олтин, кумуш, алюминий ва мис ҳафта давомида мос равишда 10,76 доллар, 1,25 доллар, 71,45 доллар ва 0,02 долларга арзонлашди.

Нефт

  • WTI – 69,29 доллар (ҳафта бошидан -3,25 фоиз, йил бошидан -2,81 фоиз);
  • BRENT – 75,91 доллар (ҳафта бошидан +3,79 фоиз, йил бошидан -1,47 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 2,33 долларга арзонлашди, BRENT эса 2,77 долларга қимматлашди.

Валюталар

  • USD/EUR: +0,38 фоиз (йил бошидан -1,84 фоиз);
  • CNY/USD: +0,02 фоиз (йил бошидан +0,33 фоиз);
  • TRY/USD: +0,06 фоиз (йил бошидан +16,39 фоиз);
  • UZS/USD: -0,07 фоиз (йил бошидан +4,02 фоиз);
  • RUB/USD: +0,89 фоиз (йил бошидан +9,81 фоиз).

Ҳафта савдоларида лира, рубл ва юан долларга нисбатан мос равишда 0,06 фоиз, 0,89 фоиз ва 0,02 фоизга пасайди, евро ва сўм эса 0,38 фоиз ва 0,07 фоизга мустаҳкамланди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 69562 доллар (ҳафта бошидан +2,33 фоиз, йил бошидан +64,03 фоиз);
  • Ethereum – 2512 доллар (ҳафта бошидан +0,19 фоиз, йил бошидан +10,04 фоиз).

Асосий криптолар АҚШ президентлик сайловлари фонида кўтарилишини қайд этди. Bitcoin ва Ethereum ҳафта мобайнида мос равишда 2,33 ва 0,19 фоизга қимматлашди.

Бозорлар ҳақида қисқача

Корпоратив дунёга назар ташлайдиган бўлсак, чораклик ҳисоботларни ҳар доимгидай прогноз қилиш қийин бўлиб қолмоқда. Мисол учун, сўнгги пайтларда турли суд даъволари ва потенциал парчаланиш таҳдидида яшаган Alphabet ижобий чораклик ҳисоботларини тақдим қилди. Натижада компания акциялари қимматлашди. Ўз навбатида харажатларини доим такомиллаштириб борадиган Apple эса сўнгги чоракда солиқ билан боғлиқ муаммолар туфайли 10 миллиард доллардан ортиқ қўшимча харажатлар қилишга мажбур бўлди. Бу эса компаниянинг бутун йиллик соф даромадига қаттиқ таъсир этиб, акцияларининг қарийб 6 фоиз қулашига олиб келди. Юқоридаги ҳолатлар компаниялар қанчалик жозибадор ва ўсиш потенциали юқори бўлмасин, ҳеч қайси рискдан холи эмаслигини яна бир бор исботлади.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 28 октябрдан 1 ноябргача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.

Мавзуга оид