Ўзбекистон | 20:17 / 05.11.2024
3146
2 дақиқада ўқилади

Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди

Шунингдек, маърифий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, «Таълим тўғрисида»ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, маърифий фаолият шахснинг шахсий, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан камол топиши, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий фаолиятини намоён этиш, индивидуал салоҳиятини, имкониятларини, мулоқот қилиш қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникмалар ва малакаларни шакллантиришга қаратилган, давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури ҳисобланади.

Маърифий фаолият вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳаллалар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маърифий фаолиятни бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан амалга ошириш ёхуд маърифий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Аввалроқ, маърифий фаолиятнинг бундай ҳаракат билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан амалга оширилиши ёхуд қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши ҳақида хабар берилган эди.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мавзуга оид