Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
Президент Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Туркия мамлакатнинг 58,9 млн долларлик ташқи қарзидан «яшил» иқтисодиёт лойиҳалари эвазига кечган.
Туркия Қирғизистоннинг мамлакат олдидаги ташқи қарзидан кечди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров Ражаб Тоййиб Эрдўған билан бўлиб ўтган музокаралар якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Ташқи қарздан кечиш тўғрисида қарор қабул қилган президент Эрдўғанга миннатдорчилик билдирмоқчиман», — деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, Туркия мамлакатнинг ташқи қарзидан «яшил» иқтисодиёт лойиҳалари эвазига кечган. 2013 йилда ҳам Туркия Қирғизистоннинг 50 миллион доллар миқдоридаги қарзидан кечган эди.
Қирғизистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил август ҳолати бўйича мамлакатнинг Туркия олдидаги давлат қарзи 62,2 миллион долларни ташкил этган. Қирғизистон ушбу қарзнинг қарийб 4 миллион долларини тўлашга улгурган. Натижада Туркия томони кечган қарз миқдори 58,9 миллион долларни ташкил этмоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 4 ноябр куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга ташриф буюрган. У 6 ноябр куни Бишкекда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади.
Бундан олдин Германия ҳам «яшил» ташаббуслар амалга оширилиши эвазига Қирғизистоннинг 14 миллион долларлик қарзидан кечган эди.
Мавзуга оид
21:37
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
16:56
Туркияга меъёрдан ортиқ тамаки маҳсулотларини олиб кирган ўзбекистонликлар қамоққа олинмоқда
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024