Жаҳон | 18:18 / 07.11.2024
3948
2 дақиқада ўқилади

Имзо чекишни билмагани учун минглаб ёш америкаликларнинг сайлов бюллетени бекор қилинди

Таъкидланишича, сўнгги президентлик сайловида яроқсиз бўлган бюллетенлар сони 2020 ва 2022 йиллардагидан кўпроқ.

Фото: Getty Images

АҚШ Невада штатининг икки округида 13 мингдан ортиқ сайлов бюллетени ҳақиқий эмас деб топилди. Бунга сайловчиларнинг тўғри имзо чекишни билмагани сабаб бўлган, деб ёзди Business Insider.

Штат давлат котиби Франсиско Агилар 6 ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тушунтирганидек, муаммо почта орқали юборилган сайлов бюллетенидаги имзо билан боғлиқ. Қайд қилинишича, имзолар сайловчилар маълумотлар базасидаги имзога мос келмаган. «Бугунги кунда ёшлар имзо чекишни билмайди», деди Агилар.

Таъкидланишича, сўнгги президентлик сайловида яроқсиз бўлган бюллетенлар сони 2020 ва 2022 йиллардаги сайловлардагидан кўпроқ.

Сайловчиларга ёрдам берувчи Vote America ва Vote.Org ташкилотлари асосчиси Дебра Кливер қўлда ёзилган имзоларни бошқа идентификатор билан алмаштириш тарафдори, чунки ёшларда имзо чекиш билан боғлиқ муаммолар тобора кўпаймоқда. Бундай ҳолатнинг сабабларидан бири сифатида Кливер 2010 йилдан бери кўплаб штатлар мактаб ўқув дастуридан ҳуснихат дарсининг чиқариб ташланганини келтирди. Оқибатда, 20-25 ёшдаги кўплаб ёшлар қўлда ёзиш қобилиятига деярли эга эмас ёки аниқ ва ўзига хос имзоларини шакллантира олмаган. Кливернинг фикрича, муаммо вақт ўтиши билан ёмонлашади.

Шу билан бирга, Агилар сўзларига кўра, баъзида кекса авлод вакиллари орасида ҳам имзолар мос келмайди. Чунки улар ўз имзосини ҳаёти давомида (масалан, турмуш қурганидан кейин) янгисига ўзгартиради, лекин уни маълумотлар базасида янгилашни унутади.

АҚШ президентлик сайлови 5 ноябр куни бўлиб ўтди, бироқ кўпчилик сайловчилар тўлдирилган бюллетенларни почта орқали юбориш ёки уларни махсус қутиларга ташлаш орқали олдиндан овоз беришди. NBC маълумотларига кўра, 83,7 миллион киши муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган.

Мавзуга оид