Жаҳон | 12:47 / 07.11.2024
1165
2 дақиқада ўқилади

Олаф Шолц: Германия АҚШнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолмоқда

Германия канцлери Олаф Шолц АҚШдаги президентлик сайловлари муносабати билан расмий баёнот берди. У Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида яқин алоқаларни сақлашга чақирди.

Фото: Uwe Koch/HMB Media/piccture alliance

Германия Доналд Трамп бошчилигидаги янги АҚШ маъмурияти учун ишончли трансатлантик ҳамкор бўлиб қолади. Бу ҳақда 6 ноябр, чоршанба куни Германия федерал канцлери Олаф Шолц АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловлари ҳақида журналистлар билан суҳбатда айтди.

«Ҳар икки томон ҳам трансатлантик ҳамкорликдан фойда кўради, - деди у. - Европа Иттифоқи ва АҚШ дунёдаги энг яқин иқтисодий алоқаларга эга бўлган тенг даражада йирик икки иқтисодий минтақадир».

Шолц Оқ уйга янги президент келиши билан Трампнинг ўзи ҳамиша очиқ айтган «кўп нарсалар ўзгаришини» тан олди. Ҳозир Германия ҳукумати учун «АҚШнинг бўлажак маъмурияти билан тезкор алоқаларни йўлга қўйиш ва позицияларимизни мувофиқлаштириш муҳим», деди вазирлар маҳкамаси раҳбари.

Олаф Шолц: «Биз бирга янада яхшироқ бўламиз»

Шолц ўз ҳукумати Трампнинг сайловдаги ғалабасидан кейин учта сиёсий устуворликка эътибор қаратишини айтди. Германия ўзини Қўшма Штатларга ишончли трансатлантик ҳамкор сифатида таклиф қилади, Европа Иттифоқида ҳамжиҳатликка интилади ва трансатлантик муносабатлар ҳар икки томон учун ҳам фойдали эканини очиқ кўрсатади. «Биз бирга янада яхшироқ бўламиз», деб таъкидлади канцлер.

Германия ва Қўшма Штатларни «ўнлаб йиллар давомида ривожланиб келган дўстона ҳамкорлик боғлайди», деди Шолц. У шундай қўшимча қилди: «Биз бир-биримизга қарши ишлашдан кўра бирга бўлсак, шунда кўпроқ нарсага эриша оламиз».

Мавзуга оид