Трамп тарафдорлари АҚШдан ноқонуний мигрантларни депортация қилишга тайёрланмоқда – ОАВ
Янги сайланган президент биринчи навбатда чегара хавфсизлиги сиёсатини жонлантиришга эътибор қаратиши ва Жо Байден даврида Оқ уй томонидан амалга оширилган чора-тадбирларни бекор қилиши таъкидланмоқда.
Президентлик сайловида ғалаба қозонган Доналд Трампнинг иттифоқчилари сайловолди кампаниясидаги ваъдаларидан бири – АҚШдан ноқонуний мигрантларни оммавий равишда чиқариб юборишни амалга оширмоқчи. Бу ҳақда CNN манбаларига таяниб хабар берди.
Муҳокамалардан хабардор тўрт манбанинг айтишича, Доналд Трампнинг иттифоқчилари ва айрим хусусий сектор вакиллари ноқонуний мигрантларни оммавий равишда ҳибсга олиш ва депортация қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Ўз навбатида, Трампнинг катта ёрдамчиси Жейсон Миллер сўзларига кўра, янги сайланган президент биринчи навбатда чегара хавфсизлиги сиёсатини жонлантиришга эътибор қаратади ва Жо Байден даврида Оқ уй томонидан амалга оширилган чора-тадбирларни бекор қилади.
Хусусан, CNN манбаларидан бири Трамп маъмурияти жиноят содир этган ноқонуний мигрантларни депортация қилмоқчи эканини айтди. Бироқ Қўшма Штатларга болалигида келиб қолган мигрантларни депортация қилиш ёки қилмаслик борасида якдил фикр йўқ.
Трампнинг яна бир маслаҳатчиси Браян Хюз сўзларига кўра, янги сайланган президент Оқ уйга қайтганида чегара хавфсизлиги асосий сиёсатидан бири бўлади.
«Трамп сайловда ғалаба қозонди, чунки америкаликлар унинг чегараларни қўриқлаш ва ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш бўйича соғлом сиёсатига қўшилди», деб тушунтирди Хюз.
CNN суҳбатдошларидан бирининг қўшимча қилишича, президентлик сайловидан олдин ҳам хусусий секторда мигрантларнинг эҳтимолий оммавий чиқариб юборилишини қандай таъминлаш мумкинлиги ҳақида суҳбатлар бўлган. Телеканалнинг тушунтиришича, республикачилар ҳам, демократлар ҳам бундай чора-тадбирларни амалга оширишда ресурслар етишмаслигига дуч келган.
Бир кун аввал CNN шунингдек, ноқонуний мигрантларни депортация қилиш бўйича операциялар учун масъул бўлган АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Трамп мамлакат президенти лавозимига киришгандан сўнг иммиграция сиёсатида катта ўзгаришлар кутаётгани ҳақида хабар берди. Айрим ходимлар Трампнинг сайланишини иштиёқ билан кутиб олишди: сўнгги уч йил давомида Оқ уй чегарада мунтазам равишда мигрантлар инқирозига дуч келди ва бу кўплаб танқидларга сабаб бўлди.
Трамп Байден ва унинг маъмурияти иммиграция сиёсатини кўп маротаба танқид қилган. Сайлов олдидан у Америка фуқароларини ўлдирган ноқонуний мигрантлар учун ўлим жазосини қўллаш тарафдори эканини эслатиб, АҚШга ноқонуний йўллар билан кириб келаётган одамларга нисбатан сиёсатни кучайтиришга ваъда берган эди.
Мавзуга оид
00:54
Путин Трампни президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклади
23:51 / 07.11.2024
АҚШдаги тадқиқот марказидан 40 га яқин маймун қочиб кетди
23:15 / 07.11.2024
Трамп — президент! У Украинадаги урушни тўхтата оладими?
22:15 / 07.11.2024