Жаҳон | 22:00 / 08.11.2024
6281
2 дақиқада ўқилади

Россияда «дворник»ларнинг ўртача иш ҳақи деярли 30 фоиз ошди

Мамлакатда кўча тозаловчи ишчиларнинг етишмовчилиги кузатилмоқда.

Фото: Anadolu Agency via Getty Images

Россиянинг онлайн иш қидириш хизмати таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, январ-сентябр ойларида кўча тозаловчи «дворник»ларга бўлган талаб ўтган йилга нисбатан 47 фоизга ошган.

Қайд қилинишича, уларга энг катта талаб Санкт-Петербург, Қозон, Москва, Новосибирск ва Омскда қайд этилган.

Давлат Думасининг Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Светлана Разворотнева сўзларига кўра, мамлакатда «дворник»ларнинг етишмаслиги бу йил қишда кўпроқ сезилади, чунки кўпчилик сердаромадроқ куриерлик касбини афзал кўра бошлаган.

Таъкидланишича, «дворник»нинг иш ҳақи кўп жиҳатдан минтақага ва қайси компанияда ишлаётганига боғлиқ: бошқарув компанияси, уй-жой мулкдорлари ширкати ёки хусусий компания.

Хусусий корхоналарда даромадлар анча юқори ва бозорга йўналтирилган. Бу йил кўплаб шаҳарларда одамларни хизматга жалб қилиш учун иш берувчилар тарифларни оширган, шунингдек, нафақалар, коэффициентлар ва бонуслар тўлашни бошлаган.

Иш қидириш хизмати маълумотларига кўра, ўртача иш ҳақи таклифлари 29 фоизга ошиб, тўлиқ кун учун ойига 43020 рублни ташкил этди (1 рубл ≈ 155 сўм).

Санкт-Петербургда «дворник»нинг ўртача иш ҳақи 55403 рублни (+32 фоиз) ташкил қилади. Кўча тозаловчи ишчилар учун иш ҳақи таклифлари бўйича етакчилар Сочи (46 155 рубл) ва Хабаровск (43 217 рубл). Москвада бундай ишчилар энг кўп маош олади - ўртача 61 610 рубл.

Бундан ташқари, ходимларни сақлаб қолиш учун улар турар жой ва турли хил «яхши нарсалар» ҳам таклиф қилинади: мослашувчан иш соатлари, овқатланиш, транспорт, қулай дам олиш жойлари ва ҳатто болалар учун совғалар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид