Жаҳон | 15:18 / 10.11.2024
18548
13 дақиқада ўқилади

«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти

2017 йил декабр ойида Шри Ланка давлати ўзининг муҳим портларидан бирини Хитойга 99 йилга фойдаланишга топширди. Орол давлатнинг асосий портларидан бирини Чин юртига жуда узоқ муддатга бериб юборишига хитойликлардан олинган катта миқдордаги қарз сабаб бўлганди.

Фото: Kun.uz

Бугун дунёнинг иккинчи иқтисодиёти сифатида биринчи ўринда турган АҚШни қувиб ўтишга ҳаракат қилаётган Хитой дунёнинг жуда кўп давлатларига катта миқдорда қарз беришда давом этмоқда.

Чин юртидагилар бераётган қарзнинг бир қисми пул маблағлари кўринишида бўлса, қолган қисми сармоя кўринишида бўлмоқда.

Яъни Хитой қайсидир давлатда амалга ошириладиган йирик лойиҳа учун қурилиш ишларини ўзи амалга ошириш шарти билан пул ажратади.

Шу тариқа, хитойликлар бир ўқ билан икки қуённи уради. Бир томондан қурилиш ишларини бажариб, иккинчи томондан қарзга берилаётган пулнинг фоизи ҳисобидан фойда олади.

Хитой таклиф этаётган сармоявий қарз аксарият давлатларни оҳанрабодай ўзига тортмоқда ва манфаатли бўлмоқда. Чунки қурилишни қарз оладиган давлатнинг ўзи ёки Ғарб компаниялари амалга оширганда ҳам у хитойликлар қуриб берадиган қийматдан ошиб кетади.

Шу учун ҳам бугун Осиё ва Африканинг кўплаб давлатлари, ҳатто Европа ҳамда Лотин Америкасидаги айрим давлатлар Хитойнинг сармоявий қарзидан фойдаланмоқда.

Хитойдан сармоявий қарз олишнинг бирмунча хавфли томонлари ҳам бор. Бу давлат вақтида қайтарилмаган қарз эвазига қарздор мамлакатнинг муҳим объектини талаб қилиб олади.

2017 йилда Шри Ланка билан шундай ҳодиса содир бўлди. Бу орол давлат Хитойдан олган қарзларини қайтара олмай қолди. Шунда хитойликлар Шри Ланкадаги энг муҳим портлардан бирини қарз эвазига 99 йилга (!) ижарага олди.

Бир сўз билан айтганда Хитой вақтида қайтарилмаган қарз эвазига Шри Ланкадан мамлакатдаги асосий портни эгаллаб олди.

Хитой — Шри Ланка муносабатлари

Хитой ва Шри Ланка ўртасидаги дипломатик алоқалар 1957 йилда ўрнатилган. 1964 йилда Хитой бош вазири Цейлонга (Ўша пайтларда Шри Ланка шундай деб аталган) ташриф буюради.

Ташриф давомида Шри Ланка президенти Сиримаво Бандаранаике Хитой бош вазиридан бир қанча лойиҳалар қурилишида ёрдам сўрайди.

1996 йилда Шри Ланка президенти Чандрика Бандаранаике (бу аёл Сиримаво Бандаранаикенинг қизи ҳисобланади ва онасидан сўнг мамлакат президенти бўлган) Хитойга расмий ташриф билан боради.

Уни ўша пайтда Хитой раҳбари бўлган Жиан Земин қабул қилади ва шундан сўнг икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқалар кучаяди.

Бир неча ўн йиллардан буён Хитойнинг Ҳимолай тоғларидаги ҳудуд даъволари туфайли Ҳиндистон билан муносабатлари унча яхши эмас.

Шу сабабли Хитой томонининг шундоққина Ҳиндистон «биқинида» жойлашган Шри Ланка билан қалин, дўстона алоқаларга интилиши тушунарли.

Шри Ланка учун эса кейинги ўн йилликларда иқтисодий томондан жуда ривожланиб, бойиб кетган Хитой сармояларини жалб қилиш манфаатли эди.

Шу сабабли бу икки давлат Шри Ланканинг кейинги президенти Махинда Ражапакса даврида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан кўплаб келишувлар имзолашади.

Шундан сўнг Хитой Шри Ланкага катта миқдорда сармоя киритишни бошлайди. Ҳозирги кунда Шри Ланка Хитойнинг «Бир макон — бир йўл» ривожланиш дастурида «Денгиз ипак йўли» доирасидаги муҳим ҳамкор давлат ҳисобланади.

Хитойнинг "Бир макон - бир йўл" дастурида денгиз йўли бўйлаб ҳамкорлик ҳам назарда тутилган

2000-йилларга келиб Хитой дунёнинг ривожланган давлатларидан бирига айланади ва фаол равишда хорижий давлатларга сармоя кирита бошлайди. Шу жумладан, Шри Ланкага ҳам.

Хитойнинг Шри Ланкадаги биринчи йирик лойиҳаси мамлакат пойтахти Коломбо шаҳрида қурилган Миллий театр биноси эди.

Кўп ўтмай Хитой Ҳамбантотаа шаҳридаги янги порт, янги аэропорт, Норочолай электростанцияси ва пойтахт Коломбодаги кўплаб объектларни қуриш учун сармоя ажратади.

Ўша пайтларда Шри Ланкада тамил айирмачиларига қарши фуқаролар уруши давом этарди. Хитой иқтисодий лойиҳаларга сармоя ажратиш билан бирга Шри Ланка армияси учун кўплаб қурол-яроғ ҳам етказиб беради.

Маълумот учун, Шри Ланка ҳозир ҳам Хитойда ишлаб чиқарилаётган қурол-яроғларнинг энг йирик импортчиси ҳисобланади.

Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий ёрдамлари эвазига Шри Ланка ҳукумати анча йиллардан буён Чин юртининг ташқи ва ички сиёсатда олиб бораётган ишларини қўллаб келмоқда.

Масалан, 2019 йилда дунёнинг 50 давлати биргаликда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашига Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида олиб бораётган сиёсатини қўллаб мактуб йўллашади. Ана шу 50 давлат орасида Шри Ланка ҳам бор эди (улар орасида Марказий Осиё республикалари ҳам бўлган).

Ҳамбантота портининг қурилиши

Ҳамбантота шаҳрида авваллари кичик порт бўлган ва улар йирик кемаларни қабул қила олмаган. 2001 йилда Шри Ланкада ўтказилган парламент сайловида Бирлашган миллий фронт ғалаба қозонади.

Шундан сўнг мамлакат бош вазири лавозимини қайта эгаллаган Рамил Викрамасинҳ 2002 йилда Ҳамбантотаада йирик порт қурилиши ҳақида эълон қилади.

Ўшанда режага кўра янги портда йирик нефтни қайта ишлаш заводи, нефт-кимё мажмуаси, кўмирда ишлайдиган иссиқлик электростанцияси ва денгизнинг шўр сувини тозалаб, ичимлик сувга айлантириб берадиган корхона қурилиши белгиланади.

Ҳамбантота порти мамлакат жанубида, кемалар катнови учун жуда қулай жойда жойлашган

2002 йил ёзда Шри Ланкага таклиф этилган Канада компанияси янги порт қурилиши учун 1,7 млрд доллар керак бўлиши ҳақида ҳисобот беради. Лекин Канада томони янги порт қурилишига сармоя ажратишдан воз кечади.

2005 йилда Шри Ланкага Ҳамбантотада туғилган Махинда Ражапакса президент бўлади ва туғилиб ўсган шаҳрини ривожлантиришга сўз беради.

Шундан сўнг янги порт қурилишини иқтисодий-техник томондан иккинчи марта баҳолаш учун Дания компанияси таклиф этилади. Данияликлар Канада компанияси тақдим этган ҳисоботни тўғри бажарилган, деб топади.

Шундан сўнг Ражапакса АҚШ ва Ҳиндистон давлатларига мурожаат қилиб, янги порт қурилишига сармоя ажратишни сўрайди. Бироқ ҳар икки давлат рад этади.

2006 йилда Шри Ланка ҳукумати янги порт қурилишига Хитойни таклиф этади ва хитойликлар рози бўлади. 2007 йилда Ражапакса расмий ташриф билан Хитойга боради ва шунда янги порт қурилиши бўйича ҳам келишувлар имзоланади.

Шри Ланка ҳукумати портни қуриш учун Хитойнинг давлатга қарашли China Merchants Group компанияси билан шартнома имзолайди.

Ҳамбантота порти қурилиши икки қисмга бўлинади. Биринчи қисмда Хитой ажратган пуллар ҳисобига суюлтирилган газ ва нефт сақлаш учун 500 минг тонналик сиғим қурилади. 2010 йил 18 ноябр куни порт расмий равишда очилади.

Портнинг Хитойга ўтиб кетиши

2012 йилда China Exim bank томонидан қарийб 1 млрд доллар кредит ажратилади ва терминал қурилиши бошланади.

Ўшанда Ҳамбантота портини 35 йил давомида China Harbour Engineering ва China Merchants Port компаниялари бошқариши, кейин уни Шри Ланка ҳукуматига топшириши бўйича келишув имзоланади.

Жуда катта миқдорда пуллар сарфланганига қарамасдан Ҳамбантотаа порти режадаги даромадни олиб келмайди. Аксинча, зарарига ишлай бошлайди ва хитойликлардан олинган қарзларни вақтида тўлаш бўйича муаммолар келиб чиқади.

Ҳамбантота порти шу кўринишда қурилган

2015 йилда Шри Ланкада парламент сайловлари ўтказилади. Рамил Викрамсинхе қайтадан бош вазир лавозимини эгаллайди.

Шундан сўнг у Хитойга ташриф билан боради ва ўтказилган музокараларда Ҳамбантота порти қурилиши учун олинган кредитлар масаласини ҳам кўтаради. Бироқ хитойликлар ён бермайди.

Натижада 2017 йилда Шри Ланка портлар бошқармаси таркибида Hambantota International Port Group (HIPG) қўшма корхонаси ташкил этилади.

Ҳамбантотани 35 йил бошқарувга олган China Merchants Port компанияси HIPG’нинг 85 фоиз акцияларини 1,2 млрд доллар эвазига сотиб олади.

Янги келишувга кўра, Ҳамбантота порти 99 йил давомида Хитойнинг China Merchants Port давлат компанияси бошқарувида бўлади. Компания портдан фойдаланиш билан бирга унинг ёнида 6 минг гектар жойда эркин иқтисодий зона барпо этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритади.

Шу тариқа, Шри Ланкада пойтахт Коломбодаги портдан кейин иккинчи йирик порт 99 йилга Хитой тасарруфига ўтиб кетади.

Ишларнинг бу тарзда кечишидан Хитой ҳар томонлама ютади. Яъни порт қурилишини ўзи қилади ва охирида берилган қарзлар ҳисобига унга ўзи эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.

Ҳамбантотанинг Хитойга ўтиши ортидан келиб чиққан хавотирлар ва можаролар

Шри Ланкадаги йирик порт 99 йилга Хитой тасарруфига ўтар экан, бу ишдан энг аввал АҚШ ва Ҳиндистон ўз хавотирларини билдиради.

Бундан ташқари, бу иш Шри Ланканинг ўзида ҳам аҳоли ва жамоат фаоллари танқидига учрайди. Жумладан, собиқ президент Ражапакса йирик портнинг тўлиқ Хитойга ўтиб кетиши нотўғри иш бўлганини айтиб чиқади.

Қарз эвазига портнинг эгалигини олиш дунёнинг Хитойдан йирик миқдорда қарз олган бошқа давлатларида ҳам хавотирлар уйғотади.

Ҳамбантота портининг бир қисми

2018 йилда аҳоли норозилиги ортидан Шри Ланка ҳукумати Галле шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасини Ҳамбантотага кўчириб келиш ҳақидаги қарорини эълон қилади.

2021 йилда Шри Ланкалик сиёсий таҳлилчи Асенга Абеягунасекера Ҳамбантота портининг Хитойга ўтиб кетишини «стратегик дипломатия қопқони» деб атайди.

Ўша йили Шри Ланка ташқи ишлар вазири Динеш Гунавардена Ҳамбантота портининг Хитойга 99 йилга бериб юборилгани аввалги ҳукуматнинг жиддий хатоси бўлганини ва янги ҳукумат уни қайта кўриб чиқишини айтади.

Бироқ мабодо қайта кўриб чиқилган тақдирда ҳам портни хитойликлардан қайтариб олишнинг иложи бўлмайди. Чунки қарз олинган ва вақтида қайтарилмаган. Шу сабабли ҳатто халқаро судлар аралашса Ҳамбантота портини Хитой ўзида сақлаб қолиши эҳтимоли жуда юқори.

Хитойнинг бошқа «қарз қопқонлари»

Forbs.ru нашрининг ёзишича, Хитой «Бир макон — бир йўл» лойиҳаси бошлангандан кейин 18 йилда йилда 165 та давлатда 13 427 та лойиҳада иштирок этган ва қарийб 1 триллион доллар сармоя киритган.

Бу маблағларнинг асосий қисмини Хитойдаги давлат банклари кредит сифатида ажратган ва фоизлари билан қайтариб олмоқда.

Қарзларнинг 385 млрд доллари ёпиқ келишувлар билан берилган ва улар халқаро рейтинг агентликлари, тадқиқот институтлари ва ҳукуматлараро комиссиялар ҳисоботларида қайд этилмаган.

Харитада Хитойдан турли миқдорларда қарз олган давлатлар кўрсатилган

Юқорида айтилган 165 та давлатдан 42 тасининг Хитойдан қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмининг 10 фоизидан ошади.

Дунё давлатлари орасида Хитойдан энг катта қарз бўлган давлат бу — Россия. Унинг қарзи 125 млрд доллардан ошади Бу маълумот 2021 йилга тегишли ва Россиянинг қарзи ўтган йилларда яна ошган.

АҚШдаги Глобал ривожланиш маркази тадқиқотларига кўра, Хитойнинг «қарз қопқони»га Шри Ланкадан ташқари, Қирғизистон, Жибути, Малдив ороллари, Лаос, Мўғулистон, Покистон, Қоратоғ (Черногория), Ангола ва Тожикистон каби мамлакатлар тушган.

Ушбу қарздор давлатлар молиявий муаммоларга дуч келганида, уларнинг стратегик объектлари олиб қўйилиши мумкинлиги истисно қилинмайди.

2021 йилда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитойдан олинган қарзлар вақтида тўланмаса, мамлакатдаги баъзи муҳим объектлар Хитой назорати остига ўтиши мумкинлигини айтганди.

Хитой назорати остига ўтиши мумкин бўлган иншоотлар орасида Қирғизистон раҳбари мамлакат шимолидаги энг йирик электр иншооти — Бишкек иссиқлик электр станцияси, Датка-Кемин электр узатиш линияси, шунингдек, республиканинг шимоли ва жанубидаги бирлаштирувчи асосий йўлни айтиб ўтган.

Харитада Тожикистон Хитойга бериб юборган ҳудудлар кўрсатилган

2011 йилда Хитой Тожикистондан, Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳудудидан 1,1 минг километр квадрат (мамлакат ҳудудининг қарийб 1 фоизи) ерини олади. Ўшанда бу ер қарз эвазига берилгани ҳақида гап-сўзлар чиққанди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид