Ўзбекистон | 20:01 / 12.11.2024
3945
6 дақиқада ўқилади

12 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мирзиёевнинг араб-ислом саммитида қилган чиқиши, ҳаво ифлосланишига қарши чоралар, Дубай ва Кувайтда ишлаш имкони, Саудиядан 2,5 млрд инвестиция — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳаво ифлосланишига қарши чоралар

Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди, деб хабар бермоқда шаҳар ҳокимлиги.

Маҳаллалар уюшмасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев юнусободликлар иссиқхоналарда турли нарсалар ёқилаётганидан азият чекаётганини айтиб, жамоатчиликни амалий ечим топилмагунча тўхтамасликка чақирди.

Одамлар иссиқхоналарда турли нарсаларни ёқишяпти, экология бузиляпти. Энг муҳими, одамларнинг саломатлигига жуда негатив таъсир қиляпти”, – деган у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маҳмудхўжаевнинг мурожаатига муносабат билдирди.

Корхоналарнинг иситиш ускуналарида тегишли энергия манбаларидан, хусусан, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишини текшириш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан экологик рейд ўтказилмоқда.

Аниқланган қоидабузарликлар бўйича, мавжуд вазиятни ўзгартириш учун қатъий чоралар кўрилмоқда”, – дейилади ҳокимлик баёнотида.

Баёнотда таъкидланиича, кўмир қозонларидан фойдаланаётган объектларда кулнинг оғир ва енгил заррачаларини ушлаб қолувчи филтрларни ўрнатиш мажбурий деб белгиланган. Ўзига хос ҳид ва ҳаво рангини ўзгартирадиган бошқа материаллардан, масалан, шиналар ёки ёқилғи мойидан фойдаланадиган корхоналарга мавжуд ускуналарни филтрлар ўрнатилган ҳолда кўмирга алмаштириш талаби қўйилган.

Акс ҳолда, бундай корхоналар оғир экологик вазият юзага келган йилларда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлади.

Дубай ва Кувайтда ишлаш имкони

Ўзбекистон ва БАА ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномалари ўзаро тан олиниши тўғрисидаги битим 2023 йилда имзоланган.

Ўзбекистоннинг элчихонаси раҳбарияти Дубай рекрутинг бизнес гуруҳи бош котиби, DULSCO Group рекрутинг компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Маҳди Муҳаммад билан учрашув ўтказди.

Дубай рекрутинг бизнес гуруҳи бош котиби Ўзбекистон бозорига қизиқиш мавжудлигини ва мамлакат фуқароларини БААда иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. 

Шунингдек, Кувайтдаги турли компаниялар, ресторанлар ва меҳмонхоналардаги мавжуд бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили ҳамда Кувайтнинг HIREO Placement Consulting Co. компанияси таъсисчиси ва ижрочи директори Муҳсин ал-Жадаан ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Кувайт томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қонуний миграцияни ташкил қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган дастурлар, шунингдек, хорижга ишлаш учун юбориладиган фуқароларга қўйиладиган талаблар, уларни тил билиш даражаси ва касбий кўникмаларни эгаллаши учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

Саудиядан 2,5 млрд долларлик инвестиция

Президент Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига амалий ташриф доирасида Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди. 

Учрашувда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистонда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, кооперация кўлами ва авиақатновлар сони ортиб бормоқда. 2024 йил якуни билан Ўзбекистонга Саудия Арабистони компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилиши кутилмоқда.

“Яшил” энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, иссиқлик ва сув таъминоти, қишлоқ ва уй-жой коммунал хўжалиги каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Октябрда автомобиллар нархида тушиш

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан октябр ойидаги автомобил нархлари таҳлил қилинди.

2024 йилнинг октябр ойида иккиламчи автомобил бозорида Lacetti, Damas, Labo нархлари пасайишда давом этди. Spark’нинг ўртача нархи бир оз кўтарилган бўлса, Cobalt ва Nexia нархларида деярли ўзгариш кузатилмади.  

Октябр ойида маҳаллий люкс автомобилларидан Equinox нархлари сезиларли ўзгарган бўлса, Malibu ва Tracker нархлари деярли ўзгармади.

Президент Яқин Шарқдаги можаро ҳақида

Саудияда Араб лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма саммитида чиқиш қилган Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топилиши муҳимлигини таъкидлади.

Президент Фаластин-Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш масалалари БМТ ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий эътибор марказида туриши зарурлиги қайд этилди.

Қадимий ва бой тарихга эга Фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли экани таъкидланди.

Фаластин ва Ливан ҳудудидаги ҳуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан, шу жумладан БМТнинг Махсус агентлиги доирасида ёрдам кўламини кенгайтириш таклиф этилди.

Давлат раҳбари урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.

Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган «Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё» саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.

Мавзуга оид