ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
Бу миллионлаб ўсмирларнинг, айниқса катта ёш гуруҳидагиларнинг, шунингдек, кам таъминланган оила вакилларининг руҳий ва жисмоний саломатлигига таъсир қилади.
Мактабдаги ўсмирларнинг дарс юкламаси ортиб бормоқда, шу билан бирга, оилада ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш камаймоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси экспертлари ушбу тенденциядан хавотирда, буни мактаб ёшидаги болалар саломатлиги бўйича ўтказилган янги тадқиқот натижалари тасдиқлайди.
Тадқиқот Европа, Марказий Осиё ва Канаданинг 44 давлатидан 11, 13 ва 15 ёшли 280 минг нафар мактаб ўқувчиини қамраб олди. Натижаларга кўра, болаларнинг атиги 67 фоизи ўз оиласи томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилади, бу 2018 йилда ўтказилган олдинги тадқиқот натижаларига (73 фоиз) нисбатан сезиларли пасайишдир. Шу билан бирга, мактабда, айниқса, қизлар учун ўқув юкламаси кескин ошди. Буларнинг барчаси миллионлаб ўсмирларнинг, айниқса катта ёш гуруҳидагиларнинг, шунингдек, кам таъминланган оила вакилларининг руҳий ва жисмоний саломатлигига таъсир қилади.
2021-2022 йиллардаги сўров натижалари ёшларни қўллаб-қувватлашга комплекс ёндашув доирасида ижтимоий детерминантларга – саломатликка таъсир этувчи тиббий бўлмаган омилларга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Шифокорларнинг таъкидлашича, ижтимоий тенгсизлик кам таъминланган оилалардаги ўспиринлар бадавлат оилалардаги тенгдошларига қараганда оилада кам қўллаб-қувватлаш ҳақида кўпроқ гапиришларида намоён бўлади. Ҳисоботнинг яна бир хулосаси шундан иборатки, қизлар ўғил болаларга қараганда ота-онаси билан ўзини қизиқтирган мавзуларда камроқ гаплашади. Алоқа тўсиқлари оналарга қараганда оталар билан муносабатларда кўпроқ кузатилади.
ЖССТ/Европа аниқланган муаммоларни ҳал қилиш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатларга чақирмоқда ва оилага йўналтирилган сиёсат ва иқтисодий ёрдамни кучайтириш, шунингдек, инклюзив мактаб муҳитини яратишни тавсия қилмоқда. Ташкилот экспертларининг фикрича, академик босимни бартараф этиш, тизимли ёндашувлар, мувозанатли уй вазифаси сиёсатини жорий этиш, ўқув кўникмаларини ривожлантиришга кўмак бериш орқали стресс даражасини оширишга қарши курашиш керак. Мактабдан ташқари машғулотлар, руҳий саломатлик ресурслари ва соғлиқни сақлаш хизматларидан тенг фойдаланишни таъминлаш зарур.
Мавзуга оид
17:14 / 23.11.2024
Нодавлат боғчалар ва мактаблар барча турдаги солиқ ва йиғимлардан озод қилинади
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
18:41 / 05.11.2024