Ўзбекистон | 12:11
770
2 дақиқада ўқилади

Электрон шаклда суғурта полисларини расмийлаштириш тартиби тасдиқланди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан электрон шаклда суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат 3 ойдан сўнг кучга киради.

Барча турдаги суғурта шартномалари (қайта суғурталаш) ва суғурта полисларини Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилмоқда.

Барча турдаги суғурта полисларини қоғоз шаклида расмийлаштириш бекор қилиниши муносабати билан электрон шаклда суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни белгилайди: Ягона ахборот тизими орқали барча турдаги суғурта шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини расмийлаштириш тартиби; суғурталовчилар томонидан Ягона ахборот тизимидан фойдаланиш талаблари ва шартлари, шунингдек Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг кўрсатмаларига мувофиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш даврида ундан фойдаланишни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва бошқалар.

Янги тартиб суғурта мукофотларини ҳисоблашни автоматлаштириш орқали мажбурий суғурта шартномаларини тузиш жараёнларини соддалаштиради, суғурталовчини танлаш ҳуқуқи билан шартномаларни электрон шаклда мажбурий тузиш имкониятини таъминлайди, шунингдек суғурта даъволарини тартибга солишни назарда тутади.

Агар суғурта полислари Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилмаган бўлса, улар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва бу суғурталовчининг лицензия талаблари ва шартларининг бир марталик қўпол бузилиши деб эътироф этилади. 

Мавзуга оид