Жаҳон | 17:51
2523
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Самара областида мигрантлар учун патент нархи 1,5 баравар оширилди

​​​​​​​Самара области маъмурияти буни «ходимларнинг ўртача йиллик сонидаги хорижий ишчилар улушини тартибга солиш зарурати» билан изоҳлаган.

Фото: РИА Новости

Россиянинг Самара области Думаси меҳнат мигрантлари ҳар ой тўлайдиган патент нархини ошириш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Ҳозир патент 6048 рублга (≈937 минг сўм) тенг. 2025 йилда унинг нархи 10170 рублгача (≈1,6 млн сўм) ошади. Бу ҳақда Volga.news ёзди.

Самара области меҳнат, бандлик ва миграция сиёсати вазири Ирина Никишина буни «ходимларнинг ўртача йиллик сонидаги хорижий ишчилар улушини тартибга солиш зарурати» билан изоҳлаган.

Шунингдек, област маъмурияти 2025 йилга мўлжалланган хорижий фуқароларнинг ишлаши тақиқланган фаолият соҳаларининг янги рўйхатини шакллантирди. Вилоят ҳокимининг қарори лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда.

Самара областида мигрантларнинг меҳнатига чекловлар 2024 йил февралида жорий этилди. Дастлаб уларга такси, жамоат транспорти, таълим ва ишга қабул қилиш агентликларида ишлаш тақиқланди. Июл ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш корхоналарида ишлаш ва озиқ-овқат етказиб бериш, алкоголли ичимликлар ва этил спиртининг улгуржи ва чакана савдоси, дори воситалари, тухум ва сут маҳсулотлари чакана савдоси ҳам рўйхатга киритилди.

Бундан ташқари, чекловлар маълумотларни қайта ишлаш, маълумотлар базаларини яратиш, маълумотларни жойлаштириш, шунингдек, уйлар, квартиралар ва хоналарни қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолиятга нисбатан ҳам қўлланилади.

Август ойида мигрантларга стационар бўлмаган савдо нуқталари ва бозорларда озиқ-овқат, ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, тўқимачилик, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа товарларни сотиш тақиқланган эди.

Мавзуга оид