Жаҳон | 16:50
1764
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди

Ҳукумат смогга қарши кураш чораларини кучайтирди.

Фото: AP

Ҳиндистон ҳукумати ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошиб кетгани сабабли Ню-Деҳлида зарур бўлмаган объектлар қуришни тақиқлади, фуқароларни эса уйларни кўмир ва ўтин билан иситишдан воз кечишга чақирди. 15 ноябр куни эрталабдан бошлаб шаҳарда смогга қарши кураш бўйича янги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деб ёзади Reuters.

Сўнгги бир ҳафта ичида Шимолий Ҳиндистондаги ҳаво сифати шунчалик ёмонлашганидан, Тож Маҳал ва Амритсардаги Олтин ибодатхона тутунда кўринмай қолди. IQAir рейтинги маълумотларига кўра, ҳозирда Ню Деҳлида 255 индекси қайд этилган — бу ифлосланиш даражаси “ўта зарарли” эканини кўрсатади.

Ҳиндистон пойтахтида ҳаво ифлосланишининг тахминан 38 фоизи шоли ўримидан қолган пояларни ёқиш оқибатида юзага келади. Шаҳар ҳар қишда смог муаммосига қарши курашади.

Ню Деҳли касалхоналарига тобора кўпроқ аҳоли, айниқса, болалар мурожаат қилмоқда. Беморлар йўтал, астма хуружлари ва аллергиялардан шикоят қилади.

Маълумот учун, 16 ноябр ҳолатига кўра, ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида Покистоннинг Лаҳор шаҳри етакчи бўлиб турибди, иккинчи ўринни Ню Деҳли, учинчи ўринни Дакка (Бангладеш) шаҳри эгаллаган. Тошкент рейтингда 34-ўринни банд этган.

Мавзуга оид