Ўзбекистон | 15:14
1653
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат бўйича ташқи савдосидаги етакчи давлат айтилди

Кувайтнинг "Ал-Жарида" газетасида "Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини қандай ҳал этмоқда?" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

"Бугунги кунда барча Марказий Осиё давлатлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни энг долзарб устувор вазифалардан бири деб ҳисоблайди. Шу нуқтайи назардан, минтақа мамлакатлари ушбу муаммоларни енгиб ўтиш учун ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласига катта аҳамият берадилар", – дейилган нашрда.

Қайд этилишича, бу борада Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсати мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга ижобий туртки берди ва натижада саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига оид муҳим шартномалар пакети имзоланди.

2017 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробарга ошиб, 2,7 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларга етди, деб маълум қилган Кувайт газетаси.

Материалда Қозоғистон билан товар айирбошлаш 1,6 баробар, Қирғизистон билан 2,3 баробар, Туркманистон билан 3,1 баробар, Тожикистон билан 2 баробарга ошгани билдирилган. Мутахассисларнинг фикрича, савдо ҳажмини янада ошириш учун фойдаланилмаган катта салоҳият мавжуд.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ташқи савдоси ҳажми бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади.

"Ал-Жарида" газетаси, шунингдек, Марказий Осиё учун минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури вакиллари ушбу мамлакатларни озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш, жумладан, сақлаш ва қайта ишлаш хизматларини ўз ичига олган қўшма тармоқларни ривожлантириш устида ишлашга чақирганига эътибор қаратган.

Мақола якунида "Ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш ва мамлакатлар ўртасида маҳсулот тақсимоти бўйича келишувлар асосида ишловчи қўшма гуруҳлар ташкил этиш орқали минтақадаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни яхшилаш зарур. Қиёсий устунликларни ҳисобга олган ҳолда эса миллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш мажмуаларида ихтисослашувни ривожлантириш муҳим", – деб таъкидланган.

Мавзуга оид