Жаҳон | 14:00
3890
3 дақиқада ўқилади

Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи

Украина мудофаа вазири Киев гўёки ҳудудларни қайтаришдан кўра хавфсизлик кафолатларини биринчи ўринга қўяди, деган айбловларни ёлғон деб атади.

Фото: AP

Украина сўнгги ўн йил ичида Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудларни озод қилиш учун курашмоқда, деди Украина мудофаа вазири Рустем Умеров 15 ноябр, жума куни норвегиялик ҳамкасби билан Ослода ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. «Ҳудудий яхлитлик қадриятларимизнинг бир қисмидир», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

Оммавий ахборот воситаларида Украинанинг урушдаги устувор йўналишлари ўзгаргани ҳақидаги хабарларга изоҳ берар экан, Умеров уларни «ёлғон ва Россия пропагандасининг бир қисми» деб атади. «Бизнинг устувор вазифамиз одамларни ҳимоя қилиш, миллатни ҳимоя қилиш, одамларни деярли 10 йиллик вақтинчалик ишғолдан озод қилиш бўлиб қолмоқда, шунинг учун Қрим ва Донбасс Украинанинг бир қисмидир», деди у. Вазирнинг қўшимча қилишича, Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида яшовчи одамлар озодликни кутмоқда.

NYT: Трампнинг ғалабасидан сўнг Киев учун хавфсизлик кафолатлари устувор вазифа

Аввалроқ The New York Times АҚШ президентлик сайловларида республикачи Доналд Трамп ғалаба қозонганидан сўнг, эҳтимолий тинчлик музокаралари чоғида Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласи Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни қайтаришдан муҳимроқ бўлиши ҳақида хабар берган эди.

«Ҳудудий масала ниҳоятда муҳим, аммо бу иккинчи масала. Биринчиси - хавфсизлик кафолатлари», — дея NYT исмини ошкор этмаган юқори мартабали украиналик мулозимдан иқтибос келтирди. Украина Олий радасининг Мудофаа ва разведка қўмитаси раиси Роман Костенко ҳам нашрга Украина учун кафолатлардан муҳимроқ нарса йўқлигини айтди.

Нашр таъкидлаганидек, Украина расмийлари аввалроқ узоқ вақт давомида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишнинг ҳеч қандай варианти бўйича бермасликларини маълум қилган эди. Бироқ музокаралар учун тезлаштирилган жадвални илгари сурган АҚШ президенти Трамп сайланганидан сўнг, Киев хавфсизлик кафолатларига камида ўт очишни тўхтатиш чизиғи қаерда бўлиши каби аҳамият бера бошлади.

Мавзуга оид