Жаҳон | 16:28
13750
9 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда

РФ қуролли кучлари уч йил давомида етиб бора олмаган шаҳарларини штурм қилмоқда.

Станислав Красилников / РИА Новости / imago images / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучлари мудофааси чуқур инқироз ҳолатида. Россия қўшини, йўқотишлари ортаётганига қарамай, Донбасс жанубида, Курск областида, Купянск фронтида, Северск ва Часив Яр шаҳарларига ва ҳатто бунгача бир неча ой давомида жимлик ҳукм сурган Запорижжя областида ҳужум қилмоқда. Курахово штурми бошланган — бу Донбасс жанубидаги муҳим логистик ҳаб ҳисобланади. Россия қўшини шаҳарга шарқдан кирган ва деярли марказигача етиб борган. РФ қуролли кучларининг бошқа бўлинмаси Курахово жануби-шарқидаги Далнее қишлоғига бостириб кирган. Шаҳар жанубидаги украин қўшини қуршов хавфи остида қолган. Шу билан бир вақтда, РФ ҚК бўлинмалари Купянскнинг шарқий қисмига ҳамда Часив Яр марказига етиб борди.

Купянск фронти

Октябр ойи охирида Россия қўшини кўп ойлик оғир жанглардан кейин Купянскдан жануброқда Оскол дарёси бўйига етиб келди. Бу 2023 йил бошланган юришнинг асосий мақсади эди.

Шундан кейин Владимир Путин Оскол дарёси шарқий соҳилида Украина қуролли кучларининг беш ва 10 минг кишилик икки гуруҳи блоклангани ҳақида гапирди. Аслида эса дарё соҳилидаги Кругляковка ва Колесниковка қишлоқлари эгалланиши билан юриш тўхтаб қолдиь. Россия бўлинмалари жанубий (Боровая йўналиши) ва шимолий (Купянскка) йўналишларда плацдармни кенгайтиришга ҳаракат қилган бўлса-да, улар Украина қуролли кучлари дронларининг икки томондан йўлланаётган ҳужумларига дучор бўлмоқда.

Юришнинг кейинги мақсади, катта эҳтимол билан, Купянскдан жанубдаги Лиман шаҳри бўлади. У орқали Краматорск — Словянск агломерациясига яқинлашиш мумкин бўлади (тўғри, бу шаҳарлар Шимолий Дон дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган; 2022 йилда Россия қўшини бир неча уринишда ҳам дарёни мазкур участкада кечиб ўтишнинг уддасидан чиқолмаганди, кейин эса Лиман Украина қуролли кучлари томонидан озод этилганди).

Дарё бўйлаб жанубга юришни давом эттириш учун, Россия қўшини Купянскни эгаллаши керак: Сватоведан ғарбга қараб кетган ва Оскол бўйидаги қўшинларга таъминот етказиб бериш мумкин бўлган йўл ушбу шаҳар орқали ўтади. Бошқа вариант — шарқдан очиқ ва деярли йўлсиз далалар, дарёлар, ботқоқлик ва ўрмонзорлар бўйлаб оғир жанглар олиб бориш. РФ қуролли кучлари икки йил давомида икки йўл билан ҳам натижага эриша олмади.

Аммо сўнгги ойларда вазият ўзгара бошлади: Украина қуролли кучларида сурункали куч етишмовчилиги кузатилмоқда, нисбатан жанговар бўлинмалар Купянск атрофидан олиниб, Курск областига ўтказилган. Бу эса РФ қуролли кучларига украин мудофаасини бостиришга ёрдам бермоқда.

Купянскни фақат шимолдан зарба бериш орқали эгаллаш мумкин. Ва Россия қўшини бундай зарбани йўллади. 13 ноябр куни зирҳли техникаларнинг иккита колоннаси темирйўл ёқалаб ҳаракатланиб шаҳарнинг шарқий қисмига бостириб кирди (Оскол шарқий соҳилидаги Купянск-Узловой станцияси ҳудудига) ва турар жойлар ва саноат биноларига десант туширди.

Украина юриш қилган гуруҳлар устига зарбалар йўллади. Тарқалган видеоларга кўра, россияликларнинг бир неча зирҳли машиналари яксон этилган; Купянскнинг шарқий қисми марказида россиялик бир неча ҳарбий асир тушган.

Ҳозирча РФ қуролли кучлари Купянск чеккасига ўрнашиб олиш-олмаслиги аниқ эмас. Агар бу рўй берса, Украина қуролли кучлари Оскол шарқий соҳилидаги плацдармнинг каттагина қисмини ташлаб чиқишига тўғри келади. Энг ёмон ҳолатда Россия армияси учун Лиман томон йўл очилади.

Курахово

Донбасс жанубидаги муҳим логистик ҳаб ҳисобланадиган Курахово штурми бошланган. Россия бўлинмаси (худди Купянскда бўлгани каби) шаҳардаги турар жойлар ҳудудига энг яхши ҳимояланган томондан — шарқдан, яқинда эгалланган Максимиляновка қишлоғи орқали кириб келган. Бу ердан Россия қўшини Кураховонинг жанубий чеккасига — Далнее қишлоғи томон ҳаракатланган, Украина қуролли кучлари танклар орқали қарши ҳужумга ўтиб, уларни тўхтатган.

Аммо РФ қуролли кучлари асосий зарбани украин мудофаасининг шимолий ва жанубий қанотларига бермоқда.

Кураховодан шимолда Селидове, Горняк ва Кураховкани эгаллаган Россия қўшини Курахово сув омборининг ғарбий нуқтасига икк йўналиш бўйлаб — Кураховка ва Горняк томондан соҳил бўйлаб ҳамда Селидоведан жанубга қараб юрмоқда. Селидоведан чиққан кучлар сув омборининг ғарбий чеккасидан беш километр шимолдаги Сонцовка қишлоғига етиб келган.

Жанубдан, Вуҳледар томондан Кураховога бошқа бир гуруҳ уч колоннага ажралган ҳолда ҳаракатланмоқда. Октябр ойида бу гуруҳ Украина қуролли кучлари Вуҳледарни ташлаб чиқиб чекинган қишлоқларни эгаллаганди: Шахтёрск, Новоукраинка ва Богоявленка. 

Кейин Россия бўлинмалари Трудове қишлоғига яқинлашди, унинг ортида Успеновка жойлашган — бу муҳим йўллар кесишмасидир. У ердан Кураховогача 10 километр масофа қолади.

РФ қуролли кучлари Далнеега кириши Успеновкадаги украин кучларининг ҳолатини оғирлаштиради. Бу ҳолатда Успеновкадан шарқдаги барча украин ҳарбийлари қуршов хавфи остида қолади. Бу ҳудудда Украина қуролли кучларининг каттагина бўлинмаси Россиянинг Сухие Яли дарёси соҳилларини штурм қилаётган бўлинмаларини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. Катта эҳтимол билан, украин ҳимоячилари бу қишлоқларни ташлаб кетишга мажбур бўлади.

Шу билан бирга, РФ қуролли кучларининг жанубдаги гуруҳи Кураховога шимоллик «қўшнилар»дан кейинроқ етиб бориши аниқ: жанубдаги кучлар нафақат Сухие Яли дарёсини, балки ундан шимолдаги тепаликларни ҳам енгиб ўтиши керак бўлади.

Шимолий ва жанубий гуруҳлар ўртасида Волчя дарёси ғарбий чеккасидаги тўғонли сув омбори жойлашган. 11 ноябр куни Украина қуролли кучлари назоратида тўғон портлади — буни катта эҳтимол билан украин сапёрлари амалга оширган. Украина қуролли кучлари қўмондонлиги биринчи навбатда шимолдаги Россия қўшини ёриб киришидан хавфсирамоқда. Қўмондонлик ўз қўшинларини сув омбори шимолидан олиб кетган бўлиши мумкин. Волчя дарёсидан жанубда Курахово шаҳри ва муҳим Донецк — Запорижжя йўли жойлашган, бу йўлни украин қўшини охирги дақиқагача ҳимоя қилишга бел боғлаган.

Курск области

Украина қуролли кучларининг Курск областидаги плацдарми қисқариши давом этмоқда. Украин қўшини Глушково районини тарк этган, октябр ойида РФ қуролли кучлари Суджадан ғарбда ва шарқда қарши ҳужумга ўтганида чегара ортидан ўтказилган бўлинмалар билан шу районда чалғитувчи юриш амалга оширилганди. Энди Россия қўшини бу ҳудудда давлат чегарасига чиққан.

Россия қўшини Украина кучларини барибир Коренево ва Суджа оралиғидаги ўрмондан сиқиб чиқара олмади. Владимир Путин бу ерда гўёки икки минг украин ҳарбийси қуршаб олинганини айтганди. Аммо маълум бўлдики, Украина қуролли кучлари бу қўшинга Малая Локня орқали таъминот етказиб бермоқда, Россия қўшини энди ўрмонга «рўпарадан» штурм бошлаган.

РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларининг Суджа ғарбидаги мудофаасини аста-секинлик билан бостириб келмоқда. Украина қуролли кучларининг танклар орқали уюштираётган қарши ҳужумларига қарамай, улар Новоивановкага мустаҳкам ўрнашиб олган; Украина қуролли кучлари мудофаасининг муҳим пункти бўлган Малая Локняга ҳужум қилмоқда (катта йўқотишлар бериб ва у қадар муваффақиятли эмас).

Шунингдек, Россия бўлинмалари штурм билан Дарино қишлоғининг бир қисмини эгаллаган. Унинг бой берилиши Украина қуролли кучларига қимматга тушиши мумкин: қишлоқ Снагост дарёсининг шарқий соҳилида — Суджага яқинроқ қисмида жойлашган, украин армияси бутун мудофаасини ушбу дарё соҳили бўйлаб ушлаб туришга ҳаракат қилаётганди.

Россия қўшини Украина қуролли кучларининг Курск областидаги плацдармига шарқдан ҳам ҳужум қилмоқда. Ноябр ойи бошида улар зирҳли техникалар колоннаси билан Суджадан жанубдаги Плехово қишлоғига киришга ҳаракат қилганди — ва фақат техникаларини йўқотганди. Аммо кейин улар кутилмаганда қишлоқни шимолдан айланиб ўтиб, Псел дарёсини қайиқларда кечиб ўтди ва Плеховонинг шимолий чеккасида жанг бошлади.

Умуман олганда, Россиянинг Курск областидаги юриши секинлашган: фронт чизиғи қисқарган сайин Украина қуролли кучлари қаршилиги кучлироқ бўлмоқда.

Мавзуга оид