Жаҳон | 13:49 / 18.11.2024
1754
2 дақиқада ўқилади

Молдовадаги сайловлар: КС шикоятлар туфайли натижаларни ҳали тасдиқламади

Молдова судлари президентлик сайловларидаги қонунбузарликлар бўйича тўққизта даъвони кўриб чиқмоқда, деди Марказий сайлов комиссияси раҳбари ўринбосари. Бу Конституциявий суднинг овоз бериш натижаларини тасдиқлашига тўсқинлик қилади.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Молдова Конституциявий суди судлар сайлов жараёнидаги қонунбузарликлар ҳақидаги барча шикоятларни кўриб чиққандан кейин президентлик сайлови натижаларини тасдиқлаш санасини белгилайди. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Павел Постикэ 16 ноябр, шанба куни TV8 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

МСК 9 ноябр куни овоз бериш натижаларини тасдиқлади ва ҳисоботни Конституциявий судга тақдим этди. Молдова қонунчилигига кўра, суд МСКдан ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ўн кун ичида сайловларнинг қонунийлигини текширади — лекин судлар ва сайлов органлари кўриб чиқилаётган низолар ва апелляциялар ҳал қилиниши керак, деди Постикэ.

Айни пайтда сайлов жараёнида қонунбузарликлар бўйича судларда тўққизта даъво кўрилмоқда, деди Марказий сайлов комиссияси раҳбари ўринбосари. Сайлов давридаги суд жараёнлари шошилинч равишда, шикоят берилган кундан бошлаб уч кун ичида кўриб чиқилади, деди у.

Европарламент Майя Сандунинг РФ устидан ғалабаси ҳақида маълум қилди

Президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонган Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду «энг қийин рақиб — Россия Федерацияси ва Молдовада сайловчиларни манипуляция қилиш, дезинформация ва сотиб олиш учун сафарбар қилган мисли кўрилмаган ресурслар устидан ғалаба қозонди». Бу ҳақда 4 ноябр куни Европарламентнинг Молдова билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Зигфрид Муресан маълум қилди.

«Сайлов натижалари Молдова Республикаси халқининг ҳам ғалабаси бўлиб, у Европа келажагига интилаётганини яна бир бор намойиш этди», деб таъкидлади руминиялик депутат. Руминиялик депутатга кўра, Сандунинг президентлик сайловларида ғалаба қозониши, шунингдек, Молдованинг Европа интеграцияси бўйича референдумнинг ижобий натижаси бу мамлакатни янада кучли давлатга айлантиради.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид