Жаҳон | 18:08 / 18.11.2024
3024
2 дақиқада ўқилади

Россия Давлат Думаси ҳукуматдан миграция параметрларини белгилашни сўради

Депутатлар бошқа давлатлардан жалб этилаётган меҳнат ресурсларининг миқдори ва сифатининг аниқ параметрларини белгилашни сўрамоқда.

Михаил Мишустин / Фото: Коммерсантъ

Россия парламенти қуйи палатасининг ҳукумат раҳбари Михаил Мишустинга ноқонуний миграцияга қарши тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати лойиҳаси Давлат Думасига киритилди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.

Депутатлар бошқа давлатлардан жалб этилаётган меҳнат ресурсларининг миқдори ва сифатининг аниқ параметрларини белгилашни сўрамоқда.

Лойиҳа Давлат Думаси назорат қўмитаси ва Миграция сиёсати комиссияси раҳбари Ирина Яровая томонидан тайёрланган. Ҳужжатда айтилишича, Давлат Думаси ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун тизимли қонунчилик базасини яратган. Бу ўз навбатида, ҳукумат томонидан тизимли қарорларни шакллантиришни тақозо этади.

«Давлат Думаси таклиф қилади: меҳнат миграциясини тартибга солишнинг ягона мезонлари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш, бошқа давлатлардан жалб қилинган меҳнат ресурслари миқдори ва сифатининг аниқ параметрларини белгилаш, уларни меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда асослаш, чет эл фуқароларининг назорат остида бўлиши», дейилади мурожаатда.

Шунингдек, депутатлар чет эллик ишчилар ва уларнинг иш берувчиларининг касбий ихтисослашуви тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш ва таҳлил қилишни таъминлашни таклиф қилдилар. Бундан ташқари, миграция сиёсати соҳасида «бир-бирини такрорловчи ва янги ахборот тизимларини яратишга барҳам бериш» таклиф этилмоқда.

Россияда иммиграция қонунчилигини кучайтириш «Крокус Сити Холл»даги терактдан кейин бошланди. Июл ойида хорижликларни чиқариб юборишнинг миграция режими ва депортация қилинган шахслар реестрини яратиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Октябр ойида иммиграция қонунчилигини бузганлик учун жазони кучайтирувчи қонунлар ҳам қабул қилинган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид