Жаҳон | 20:56 / 21.11.2024
4331
2 дақиқада ўқилади

Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди

Москва ҳайвонот боғи КХДР пойтахтига айиқ, қўтос ва какаду тўтиқушларидан иборат 70 дан ортиқ ҳайвонни юборди.

Фото: mnr.gov.ru

Россия президенти Владимир Путин Пхенян ҳайвонот боғига айиқ, қўтос ва какаду тўтиқушларидан иборат 70 дан ортиқ ҳайвонни совға қилди. Бу ҳақда мамлакат Табиий ресурслар ва экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Бу Владимир Путиннинг корейс халқига совғасидир», — дейилади хабарда.

Энди Шимолий Корея ҳайвонот боғида Москва ҳайвонот боғидан олиб борилган Африка шери, иккита қўнғир айиқ, иккита қўтос, бешта оқ какаду, 25 та тустовуқ ва 40 та мандаринка ўрдаклари яшайди. Шунингдек, вазирликнинг қайд этишича, Россия томони Шимолий Кореяга шер, айиқлар ва қўтосларни биринчи марта совға қилмоқда.

Совғани РФ Табиий ресурслар ва экология вазирлиги раҳбари Александр Козлов топширган. Унинг сўзларига кўра, Россия ва КХДР ҳамкорлиги нафақат иқтисодий, савдо ва саноат йўналишида, балки табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июнда КХДР етакчиси Ким Чен Ин Путинга пхунсан зотли иккита овчи итни совға қилганди. Бу Россия президентининг Шимолий Кореяга ташрифи давомида содир бўлган эди.

Август охирларида Россия президенти Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Инга 24 бош Орлов йўртоқиларини совға қилгани маълум бўлганди. 19 бош айғир ва бешта байтал Владимир вилоятида карантиндан ўтган, кейин эса Приморскдаги «Хасан» темирйўл ўтказиш пунктига олиб келинган.

Мавзуга оид