Жаҳон | 12:04
3196
2 дақиқада ўқилади

Зеленский элчихоналар ёпилиши фонида хотиржамликка чақирди

Португалия, Испания, Греция, Италия ва Канаданинг Киевдаги элчихоналари фаолиятини тўхтатди. Зеленскийнинг таъкидлашича, ваҳима «фақат Россияга фойда келтиради».

Фото: John Moore / Getty Images

Бир қатор Европа давлатлари, шунингдек, АҚШ ва Канада 20 ноябр, чоршанба куни Киевдаги элчихоналари фаолиятини тўхтатганини эълон қилганидан сўнг, Украина президенти Володимир Зеленский шу куни кечқурун анъанавий мурожаатида ватандошларига «баъзи ваҳима хабарлар тарқалиши фақат Россияга фойда келтириши»ни таъкидлади.

Шунингдек, 20 ноябр оқшомида АҚШнинг Киевдаги элчихонаси сайтида Америка дипломатик миссияси «ҳаво ҳужуми эҳтимоли юқорилиги ҳақидаги хабарлар туфайли 20 ноябр куни иш вақтини вақтинча ўзгартиргани» ҳақида пресс-релиз эълон қилинди. «Элчихона очиқ ва ўз фаолиятини давом эттирмоқда», — дейилади баёнотда.

Канада ҳукумати веб-сайтида айтилишича, мамлакатнинг Киевдаги элчихонаси «хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли» шахсий хизмат кўрсатишни вақтинча тўхтатган.

Португалия, Испания, Греция ва Италия ҳам 20 ноябр куни Украина пойтахтида иш вақтинчалик тўхтатилиши ҳақида хабар берди. Германия ТИВ веб-сайтида Германиянинг Киевдаги элчихонаси консуллик ишларини чекланган даражада амалга ошираётгани қайд этилган.

РФ ҳужуми таҳдиди туфайли Киевдаги бир қанча элчихоналар ёпилди

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси 20 ноябр куни эҳтимолий «кучли ҳаво ҳужуми» ҳақида огоҳлантирди. Баёнотда эҳтимолий ҳужум ҳақида «аниқ маълумот» олингани ва эҳтиёт чораси сифатида элчихона ёпилиши айтилган. АҚШ фуқароларига ҳаво ҳужуми содир бўлган тақдирда дарҳол бошпана излашга тайёргарлик кўриш тавсия этилди. Кремл АҚШ элчихонаси хабарига изоҳ беришдан бош тортди.

Америка дипломатик миссияси ортидан Испания, Италия ва Греция элчихоналари хавфсизликка эҳтимолий таҳдидлар туфайли ўз фаолиятини тўхтатди. Украинада яшовчи испан фуқароларига электрон почта орқали маҳаллий ҳокимиятларнинг барча кўрсатмаларига риоя қилиш ва бошпана яқинида бўлиш тавсия қилинди.

Мавзуга оид