Жаҳон | 12:43 / 22.11.2024
955
2 дақиқада ўқилади

РКН VPN ҳақидаги илмий маълумот ва статистикани блоклайди

Роскомнадзор Россияда блоклашни четлаб ўтиш учун VPN хизматларига оид илмий, техник ва статистик маълумотларни блоклайди.

Фото: AP

VPN хизматлари ҳақидаги илмий ва илмий-техник маълумотлар, шунингдек, статистик маълумотлар Россияда тақиқланган ва блокланган деб ҳисобланади. Бу ҳақда 21 ноябр, пайшанба куни Роскомнадзор (РКН) буйруғига таяниб, «Интерфакс» агентлиги хабар берди. Матндан кўриниб турибдики, «масофавий кириш хавфсизлигини таъминлаш учун» фақат VPN ҳақидаги маълумотлар учун истисно қилинади.

РКН буйруғи лойиҳасига тушунтириш хатида «Россия Федерациясида блокланган ресурсларга жисмоний шахсларга киришни таъминлашдан иборат VPN хизматларини яратиш ва ўрнатиш усулларини тавсифловчи маълумотлар» тақиқланган деб ҳисобланади.

АҚШ бигтехни РФ ва Эрондаги цензурани четлаб ўтишга ёрдам беришга чақирди

2024 йил сентябр ойида Оқ уй авторитар давлатларда интернет цензурасини четлаб ўтиш воситаларини тарқатиш ва ишлатишни тарғиб қилиш мақсадида Amazon, Microsoft, Cloudflare ва Google эгаси Alphabet каби технология гигантлари вакиллари билан учрашув ташкил қилгани маълум бўлди.

Reuters маълумотларига кўра, Америка расмийлари ва фуқаролик фаоллари вакиллари, хусусан, бигтех билан Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланадиган Очиқ технологиялар жамғармаси (OTF) томонидан ҳомийлик қилинган VPN хизматларини муҳокама қилишган. Ташкилот президенти Лора Каннингемнинг Reuters агентлигига айтишича, сўнгги йилларда қатор авторитар давлатларда бу соҳага талаб кескин ошган. «Охирги бир неча йил ичида биз VPN'га бўлган талаб, асосан, Россия ва Эрондаги фойдаланувчилар томонидан ортиб бораётганини кўрдик», деди у.

Дунёда бундай хизматларнинг машҳурлиги ортиб бораётгани сабаби, хусусан, Россия Федерациясида интернет цензурасининг кучайиши экани айтилган.

Мавзуга оид