Жаҳон | 16:33
3164
4 дақиқада ўқилади

Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган

Германия собиқ канцлери Меркелнинг айтишича, у Путин ҳақида «ҳеч қачон иллюзияларга эга бўлмаган». У «Шимолий оқим-2» қурилиши бўйича сиёсатини тўғри деб ҳисоблади ва Трампнинг Қўшма Штатлардаги ғалабасидан хавотир билдирди.

Фото: Bernd Von Jutrczenka/dpa/picture alliance

Германия собиқ канцлери Ангела Меркел Россия президенти Владимир Путин 2000 йилда биринчи марта президентликка келганида Украинага ҳужум қилиш режасига эга бўлмаганини айтди. Катта эҳтимол билан, у ҳокимиятда бўлган вақтида бундай фикрга келган ва Ғарб Россия билан муносабатларда «ҳаммасини тўғри қилдими» ёки йўқми, шу ҳақда савол бериши керак, деди у 22 ноябр, жума куни нашр этилган Der Spiegel ҳафталигига берган интервюсида

Меркел Ғарбнинг эҳтимолий жавобгарлиги ҳақида

«Мен бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Очиғини айтсам: Путиннинг Украинага ҳужумини оқлайдиган бирон бир сабаб йўқ. Аммо Ғарбда бирдамлик бўлса яхши бўларди. Биз кутилганидек кучли бўлолмадик», — деди у.

Меркелнинг айтишича, у Путин ҳақида «ҳеч қачон иллюзияларга эга бўлмаган». «У ҳар доим диктаторлик тенденцияларига эга эди, мен кўпинча унинг хотиржамлигидан ғазабланардим», деди собиқ канцлер.

Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди

«Озодлик» (Freiheit) — Германия собиқ канцлери Ангела Меркелнинг 26 ноябр куни китоб дўконларида пайдо бўладиган мемуари номи. Die Zeit газетаси 21 ноябр куни ушбу китобдан парчаларни чоп этди.

Китобнинг муҳим мавзуларидан бири — Меркел 16 йил давомида бошқарган Германия ҳукуматининг Россияга нисбатан сиёсати. Бугунги кунда бу курс ҳатто собиқ канцлер партияси, Христиан-демократик иттифоқда ҳам танқид қилинади. Айримлар Меркелни Москвани тинчлантиришга уринаётганликда айблаб, агар 2008 йилда Украина ва Гуржистон НАТОга расмий номзод мақомини олганида, 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришининг олдини олиш мумкин эди, деб тахмин қилмоқда.

Ўшанда Берлин Россиянинг ўз хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларини қондирди ҳамда Гуржистон ва Украинага НАТОга номзод мақомини бериш ғоясини қўллаб-қувватламади. Ангела Меркел ўз хотираларида бугунги кунда ҳам бу қарорни нотўғри деб ҳисобламаслигини аниқ таъкидлайди.

Унинг таъкидлашича, Марказий ва Шарқий Европа давлатларининг НАТОга имкон қадар тезроқ қўшилиш истагини тушунган: «Ахир, совуқ уруш тугаганидан кейин улар Ғарб ҳамжамиятининг бир қисми бўлишни хоҳлашди». Бироқ, ҳар бир янги кенгайиш билан НАТО ва унинг аъзолари алянс учун оқибатларни — «унинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва ишлаш қобилиятини» баҳолашлари керак эди. «Янги аъзони қабул қилиш нафақат унинг, балки НАТОнинг хавфсизлигини оширишни англатиши керак», деб тушунтиради сиёсатчи.

Украина мисолида алоҳида ҳолат бор эди — Қримда Россия Қора денгиз флотининг мавжудлиги. «Бундан ташқари, ўша пайтда Украина аҳолиси орасида фақат озчилик мамлакатнинг НАТОга қўшилиши тарафдори эди», деб эслайди Меркел. Унинг таъкидлашича, у НАТОга номзод мақоми «Украина ва Гуржистонни Путиннинг агрессиясидан ҳимоя қилади, яъни шундай тўхтатувчи таъсир кўрсатадики, Путин ҳеч нарса қилмасдан, нима бўлаётганини шунчаки кузатиб боради» деган фикрни «хомхаёл» деб билади.

Мавзуга оид