Жаҳон | 15:50 / 25.11.2024
2276
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда армиядан бўйин товлаш учун атай семирган фуқаро қамалди

Ортиқча вазн душман ўқидан ҳимоя қилмаса-да, Жанубий Кореяда мажбурий ҳарбий хизматдан қутулиб қолишга ёрдам бериши мумкин — фақат қўлга тушиб қолмаслик керак.

Фото: Herald DB

Яқинда Жанубий Корея суди жанговар позицияда хизмат қилишга яроқсиз ҳолга келгунича семирган 26 ёшли йигитга қамоқ жазосини тайинлади, деб хабар бермоқда корейс оммавий ахборот воситалари.

Мамлакатда 18 ойлик ҳарбий хизмат барча соғлом эркаклар учун мажбурий ҳисобланади. Йигит ундан бўйин товлаш учун армияга чақирув олдидан ўтказиладиган тиббий кўрикка бир неча ҳафта қолганда икки баробар кўп овқатланишни бошлаган.

Йигитнинг дўсти ҳам олти ойлик қамоққа ҳукм қилинди — у “семириш режаси”ни амалга оширишда ёрдам берган.

Тиббий кўрик вақтига келиб бўйи 168 сантиметр бўлган айбланувчининг вазни 102 килограммга етган, натижада у жанговар вазифалар учун яроқсиз деб топилди.

Жанубий Кореяда ҳарбий хизматдан бўйин товлаш учун максимал уч йиллик қамоқ жазоси белгиланган, бироқ йигит илгари судланмагани ва ҳарбий хизматни садоқат билан ўташга ваъда бергани сабабли суд унга икки йиллик шартли жазо тайинлади.

У семириб, ҳарбий хизматдан қочишга уринган биринчи корейс эмас.

2018 йилда ўнлаб жанубий кореялик коллеж битирувчилари хизматдан бош тортиш учун пицца, ҳамбургер ва бошқа фаст фудларни ҳаддан зиёд истеъмол қилиб, атайлаб семирган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид