Жаҳон | 21:54 / 26.11.2024
2584
2 дақиқада ўқилади

Amazonʼнинг Япониядаги штаб-квартирасида тинтув ўтказилди

Amazon Japan антимонополия қонунчилигини бузишда гумонланмоқда. Компания чакана савдо билан шуғулланувчиларни ўз товарлари нархини арзон кўрсатишга мажбурлаб келган бўлиши мумкин.

Фото: AFP

Американинг Amazon корпорациясининг Токиода жойлашган штаб-квартирасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тинтув ўтказилди, деб хабар беради Reuters.

NHK телеканали маълумотларига кўра, Amazon Japan антимонополия қонунчилигини бузишда гумонланмоқда. Япония адолатли савдо давлат комиссияси тахминича, Amazonʼнинг шуъба корхонаси ретейлерларни (чакана савдо билан шуғулланувчилар) ўз товарлари учун нархларни бошқа шунга ўхшаш онлайн платформаларга қараганда пастроқ белгилашга мажбур қилади.

Компания, шунингдек, ретейлерларни ўзининг логистика сервисларидан фойдаланишга мажбурлайди — бунинг эвазига Amazon Japan ушбу компаниялар товарларини ўз сайтида кўзга кўринадиган позицияларга жойлаштиради. Давлат комиссиясига кўра, бундай амалиёт мамлакатнинг антимонополия қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

Аввалроқ Amazon’да маҳсулотлар бўйича катта техник менежер лавозимида ишловчи ходимнинг компаниядаги иши ҳақида интернетга жойлаган пости муҳокамаларга сабаб бўлганди. У бир ярим йил давомида ҳеч қандай муҳим вазифани бажармаган, аммо бу вақт ичида тахминан 555 минг доллар маош олган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид