DHL самолётининг қулаши: Литва диверсия белгиларини кўрмаяпти
DHL самолётининг Вилнюсда қулаши сабаби, катта эҳтимол билан, диверсия эмас, техник муаммо бўлган, деди Литва Мудофаа вазирлиги раҳбари.
Литва DHL юк самолёти ҳалокатига диверсия сабаб бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот топмади ва техник муаммоларни кўпроқ тушунтириш деб ҳисоблайди, дея хабар қилди 27 ноябр, чоршанба куни расмий шахслар. «Ҳозирда бизда бор нарсаларни инобатга оладиган бўлсак, бу қўпорувчилик бўлиши мумкинлигига ишониш учун асос йўқ», — дея Литва мудофаа вазири Лауринас Касчюнаснинг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters.
Унинг сўзларига кўра, визуал таҳлиллар қўнаётган самолётга ҳеч қандай ташқи таъсир кўрсатилмаганини кўрсатди, омон қолган экипаж аъзолари билан суҳбатлар эса фалокатдан олдин бортда ҳеч қандай тартибсизлик ёки безовталик бўлмаганини, тутун ва ҳид қайд этилмаганини аниқлаштирган.
Инқирозларни бошқариш миллий маркази раҳбари Вилмантас Виткаускаснинг айтишича, терговчилар ҳамон ҳодисанинг техник сабабини изламоқда. «Агар биз кўпроқ маълумот олсак, йўналишни ўзгартиришимиз мумкин, аммо ҳозир бизда у йўқ», деди у журналистларга.
DHL рейси қулаши: Бербок «гибрид ҳодисани» истисно этмаяпти
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германиянинг DHL логистика концерни юк самолётининг Вилнюсда қулаши ва бир кишининг ўлимига сабаб бўлган вазиятда «гибрид ҳодиса» ҳақида гапириш мумкинлигини истисно қилмади. Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг 25 ноябр куни айтган сўзларини Reuters агентлиги келтирди.
«Биз — литвалик ва испаниялик ҳамкорларимиз билан биргаликда бу бахтсиз ҳодисами ёки [...] бошқа гибрид воқеами, ҳозир қандай нотинч вақтларда яшаётганимизни кўрсатишимиз керак», — дея таъкидлади Бербок.
«Германия ҳукумати Литва расмийлари билан нима бўлганини тушуниш учун жуда яқин ҳамкорлик қилмоқда», дея қўшимча қилди у.