Жаҳон | 15:50 / 02.12.2024
4145
1 дақиқада ўқилади

Россияда яна армия штат бирлиги оширилди

Президент фармони билан Россия қуролли кучлари сони 1,5 миллион ҳарбий хизматчигача кўтарилди. Бу икки ярим йил ичида армия сонининг учинчи марта кўпайишидир.

Фото: Алексей Белкин / Бизнес Online / ТАСС

Россияда 1 декабр, якшанба куни армия сонини 180 минг ҳарбий хизматчига, 1,5 миллион нафаргача етказиш тўғрисидаги президент фармони кучга кирди. Сентябр ойи ўрталарида Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланган ҳужжат ҳарбий хизматчилар сонининг кўпайиши ҳисобига Россия Қуролли Кучларининг умумий сонини 2 389 130 кишигача оширишни назарда тутади.

ҚК штат бирлиги 2,5 йил ичида учинчи марта оширилди

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Путин Қуролли Кучларнинг штат бирлигини икки марта оширди: 2022 йил августида — 137 минг кишига, 2023 йил декабрида — 170 минг кишига.

Уруш бошланишидан олдин РФ Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчилар сони 1 013 628 кишини ташкил этганди.

ОАВ хабарларига кўра, Россияда ҳарбий хизматчилар етишмаслиги сабабли корхона ходимларини сафарбарликдан сақлаб қолиш қоидалари ўзгартирилган. Бошқа нарсалар қаторида, ўз ходимларига брон тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар рўйхати қисқартирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид