Жаҳон | 18:57 / 04.12.2024
11103
10 дақиқада ўқилади

Анталяда ёнган Superjet: инқирозга юз тутган Россия авиасаноати

2024 йил 25 ноябр куни Туркияда Россияга тегишли Sukhoi Superjet 100 самолёти ёниб кетди. Sukhoi Superjet 100 СССР парчалангандан сўнг Россия томонидан янгитдан лойиҳалаштирилган ва парвоз қилишга муваффақ бўлган ягона самолёт ҳисобланади. Бироқ кейинги йилларда авиакомпаниялар ундан воз кечишмоқда. Бунга самолётдаги носозликлар сабаб бўлмоқда.

Россия советлардан қолган фуқаро авиацияси саноати билан мақтана олмайди. Чунки бу давлат собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган кўплаб самолётларни янгилай олмади, фақат айримлари модернизация қилинди холос.

СССР парчаланиб кетгандан сўнг Россия фақат битта янги самолёт ишлаб чиқара олди. Sukhoi Superjet 100 номи берилган бу самолёт ҳам мукаммал эмас ва у билан кўплаб нохуш ҳодисалар ва ҳалокатлар содир бўлмоқда.

Ана шундай ҳодисалардан бири 2024 йил 24 ноябр куни содир бўлди. Сочидан Туркияга учган “Азимут” авиакомпаниясига тегишли Sukhoi Superjet 100 самолёти Анталя аэропортига қўнгандан сўнг ёниб кетди.

Sukhoi Superjet 100 Россия томонидан СССР парчаланиб кетгандан сўнг лойиҳалаштирилиб, ясаб чиқилган ўрта масофаларга учувчи кичик самолёт ҳисобланади.

Sukhoi Superjet 100 тарихи

Бугун совет даврида тайёрланган самолётларнинг аксарияти ишлаб чиқарилмайди. Бунинг сабаблари жуда кўп. СССР парчалангач иттифоқдош республикаларда жойлашган корхоналар ўртасида алоқалар узилади.

СССРда 1960-70 йилларда ишлаб чиқарилган самолётлар узоқ йиллар давомида янгиланмайди. Оқибатда 1990-йилларга келиб улар халқаро талабларга жавоб бермай қўяди.

Айниқса, совет самолётларига ўрнатилган двигателлар ишончсиз, шунингдек, уларнинг шовқини жуда баланд эди. Ўша пайтларда Ғарбда тайёрланган шовқини паст ва сифатли двигателлар Европадаги Airbus консорциуми ва АҚШнинг Boeing компаниясидан ортмасди.

Ана шундай шароитда Россия нафақат СССР даврида ишлаб чиқарилган самолётларни мукаммаллаштира олмади. Фақат бир неча турдаги самолётларнинг янгиланган моделларини тайёрлай олишди холос.

Sukhoi Superjet 100 тарихи 2000-йиллар бошларига бориб тақалади. Sukhoi корпорацияси Boeing билан ҳамкорликда янги самолёт лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шунингдек, лойиҳага Илюшин конструкторлик бюроси, “Сатурн” корхонаси ва Франциянинг Snecma компанияси жалб этилади.

Лойиҳага Boeing корпорацияси ижрочи директори Фил Кондит томонидан Russian Regional Jet (RRJ) деб ном берилади.

Sukhoi Superjet 100 самолёти кичик ўлчамда бўлиб, унга 100 нафар атрофида йўловчи сиғади

Самолёт кичик ўлчамли бўлиб, фақат қисқа ва ўрта масофаларга учишга мўлжалланганди. Самолётнинг ташқи ва ички кўриниши Boeing – 717га жуда ўхшаш эди.

Янги самолётни ишлаб чиқариш учун ўша пайтда бюджетдан 150 млн доллар ажратилади. Самолёт 100-110 йўловчига мўлжалланганди.

2004 йилда Россия авиация давлат қўмитаси янги самолётга сертификат беради. 2006 йилда янги самолётнинг дастлабки нусхасини тайёрлаш ишлари бошланади.

Ўша йили Boeing лойиҳадан чиқиб кетади. Бунга русларнинг ўзаро келишувни бузиб янги самолёт кабинасини Airbus самолётлари кабинасига ўхшатиб ясагани сабаб бўлади. Шундан сўнг самолёт номи Sukhoi Superjet 100 деб қайта номланади.

2007 йилда Sukhoi Superjet 100ни синовдан ўтказиш учун уни Ан-124 самолётига ортиб Жуковский шаҳарчасига олиб келишади. Самолётга францияликлар билан ҳамкорликда тайёрланган двигател ўрнатилганди.

2008 йил 19 май куни Sukhoi Superjet 100 самолётининг дастлабки синов парвози ўтказилади. Ўша йили 24 декабр куни иккинчи синов парвози амалга оширилади.

Самолётнинг дастлабки лойиҳалари 2001 йилда қилинган бўлса ҳам, уни фойдаланишга топшириш 10 йилга чўзилади ва 2011 йилда дастлабки Sukhoi Superjet 100 Арманистоннинг “Armavia” авиакомпаниясига етказиб берилади.

Арманистон авиакомпанияси сотиб олган Sukhoi Superjet 100

Кейинроқ, бу самолётни Россиянинг турли авиакомпаниялари ҳам сотиб ола бошлайди. Маълумотларга кўра, 2024 йилгача бу самолётдан 232 дона ишлаб чиқарилган. Уларнинг 206 донаси сотилган.

Сотилган самолётларнинг ярмидан кўпи бугун парвоздан олинган.

Самолётнинг нархи жиҳозланишига қараб 27-37 млн долларни ташкил этади. Лизингга олинганда нархлар янада баланд бўлади.

Кимда қанча Sukhoi Superjet 100 бор ва ундан нега воз кечишган?

“Россия” авиакомпанияси 74 та, “Азимут” 19 та, “Ямал” 15 та, Red Wings Airlines 20 та, “Газпром авиа” 10 та, “Аэрофлот” 50 та, “Северстал” 4 та Sukhoi Superjet 100 самолётларини сотиб олган.

Шунингдек, бу самолётдан Мексика, Индонезия, Лаос, Ирландия, Қозоғистон, Тайланд каби давлатлар ҳам саноқли миқдорда сотиб олган.

Бугунги кунда Мексика, Индонезия, Лаос, Ирландия ва Арманистон, шунингдек, Россиянинг бир нечта авиакомпаниялари Sukhoi Superjet 100 самолётларидан фойдаланишни тўхтатган.

Жумладан, 50 та Sukhoi Superjet 100 сотиб олган “Аэрофлот” уларнинг биронтасидан фойдаланмаяпти.

Авиакомпаниялар Sukhoi Superjet 100 дан фойдаланмай қўйганига асосан самолёт двигателини таъмирлашда эҳтиёт қисмларни топиб бўлмагани билан изоҳлашади.

Аниқроқ айтганда Sukhoi Superjet 100 самолётларига ўрнатилган двигателлар ишончли чиқмаган. Бунга самолётга двигател етказиб бериши лозим бўлган Франция компанияси ҳам кейинчалик лойиҳадан чиқиб кетгани сабаб бўлган.

Red Wings Airlines авиакомпаниясига тегишли Sukhoi Superjet 100

Жумладан, 2016 йилда Red Wings Airlines авиакомпанияси Sukhoi Superjet 100 самолётларидан воз кечганини маълум қилди. Бунга самолёт двигателидаги носозликлар сабаб бўлган.

2017 йилда Мексиканинг Interjet авиакомпанияси бош директори ҳам Sukhoi Superjet 100 самолётларига ўрнатилган двигателларда носозлик кузатилаётгани ҳақида айтиб ўтганди. Кўп ўтмай бу авиакомпания ҳам улардан фойдаланишни тўхтатади.

2018 йилда Россиянинг “Якутия”, Белгиянинг Brussels Airlines, 2019 йилда Россиянинг “РусЛайн” ва “Ямал” авиакомпаниялари Sukhoi Superjet 100 самолётларидан фойдаланишни тўхтатади.

Шундан сўнг бу самолётдан олиш учун навбатда турган бир қанча авиакомпаниялар буюртмаларни бекор қилишади.

Sukhoi Superjet 100’нинг техник характеристикаси

  • Узунлиги – 29,94 метр;
  • Баландлиги – 10,28 метр;
  • Қанотларнинг узунлиги – 27,80 метр;
  • Фюзеляж диаметри – 3,46 метр;
  • Оғирлиги – 24,2 тонна;
  • Тезлиги – соатига 841дан 981 километргача;
  • Максимал учиш баландлиги – 12 200 метргача;
  • Экипаж сони – икки учувчи ва икки борт кузатувчиси;
  • Максимал парвоз узунлиги – 2 960дан 4 320 километргача;
  • Дастлабки синов парвози – 2008 йил;
  • Дастлабки тижорий парвоз – 2013 йил;
  • Ёқилғи сиғими – 15,8 минг литр;
  • Йўловчи ўрни – 87 дан 103 гача;
  • Двигателлар сони – иккита.
Аэрофлотга тегишли Sukhoi Superjet 100

Sukhoi Superjet 100 билан содир бўлган ҳалокатлар

2012 йилдан буён Sukhoi Superjet 100 самолётлари билан кўп марта нохуш ҳодисалар кузатилган ва уларнинг айримлари ҳалокат билан якун топган.

Жумладан:

2012 йил 9 май. Россияга тегишли Sukhoi Superjet 100 Индонезияда ҳалокатга учрайди. Самолёт бортида бўлган 45 кишининг барчаси ҳалок бўлади.

2015 йил 25 октябр. Мексика авиакомпаниясига қарашли самолёт аэродромларнинг бирида трапга урилади ва тумшуқ қисми жиддий шикастланади. Самолётда бир нафар учувчи бўлган ва у жароҳат олмаган.

2018 йил 10 октябр. Россияга тегишли самолёт Ёқутистондаги аэропортга қўнишда двигателларнинг бирида носозлик кузатилади. Самолёт бортида 92 киши бўлган ва улардан 4 нафари жароҳатланган.

2019 йил 5 май. Sukhoi Superjet 100 билан боғлиқ энг аянчли ҳалокатлардан бири Шереметово аэропортида содир бўлган. Самолёт қўнаётганда шасси ёниб кетиб, олов тезда ёқилғи бакига ўтади.

Москвадаги Шереметеово аэропортида ёниб кетган Sukhoi Superjet 100

Кўп ўтмай портлаш содир бўлади ва самолётнинг орт қисмида олов кучаяди. Қутқарувчилар унинг олд томонида бўлган 37 кишини қутқаришга муваффақ бўлишади. Қолган 41 киши тириклай ёниб кетади.

2024 йил 12 июл. Россияга қарашли самолётлардан бири таъмирдан сўнг ўтказилган синов парвозида ҳалокатга учрайди. Оқибатда унда бўлган уч нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлади.

2024 йил 25 ноябр. Сочидан Туркияга учган самолёт Анталя аэропортига қаттиқ қўнишни амалга оширади ва ёниб кетади.

Анталя аэропортида нима бўлганди?

25 ноябр куни Сочидан Туркияга учган “Азимут” авиакомпаниясига қарашли самолёт Анталя аэропортига қўнгандан сўнг ёниб кетди.

Туркия Транспорт вазирлиги самолётда 95 киши, Анталя аэропорти маъмурияти эса бортда 91 киши бўлганини маълум қилди.

Ёнғин бошлангандан сўнг экипаж командири зудлик билан йўловчиларни махсус траплар ёрдамида эвакуация қилишга қарор қилган. Натижада ҳодисада ҳеч ким жиддий жароҳат олмаган.

Анталя аэропорти қутқарувчилари ёнғинни ўчиришган. Бироқ унгача Sukhoi Superjet 100 жиддий шикастланган. Ёнғин самолёт двигателидан бошлангани айтилмоқда.

Кучли ёмғир ва шамол туфайли Sukhoi Superjet 100 қўнаётганда унинг чап қаноти учиш-қўниш йўлагига қаттиқ урилган.

Анталя аэропортида ёнаётган Sukhoi Superjet 100 самолётидан йўловчиларни қутқариш жараёни

Ижтимоий тармоқларда самолёт қаттиқ қўнишни амалга оширгани ва шу пайтда унинг шассиси ёқилғи сиғимини тешиб юборгани ва оқибатда ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар тарқалди.

Россия ОАВнинг хабар беришича, Анталяда ёниб кетган самолёт билан сўнгги 3,5 йил ичида 15 та (!) авиаҳодиса содир бўлган. Уларнинг учтаси жорий йил кузда юз берган.

7 сентябр куни техник носозлик туфайли самолёт учиш-қўниш йўлагидан ортга қайтган. 28 сентябрда двигател тебраниши кучайгани сабабли парвозни тўхтатган.

16 октябрда эса парвоз вақтида самолётнинг гидравлик тизими ишдан чиққан. Шу туфайли мажбурий қўниш амалга оширилаётганда унинг шассиси шикастланган.

Маълумот учун, Анталяда ёнғин юз берган самолёт ҳодисадан бир кун аввал Сочи-Самарқанд-Сочи йўналишида парвозларни амалга оширган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид