Жаҳон | 12:48 / 04.12.2024
4965
2 дақиқада ўқилади

Путин ҳузуридаги ИҲК раҳбари Соловецкий тошини кўчиришга чақирди

Валерий Фадеев РБК'га Сталин террори қурбонлари хотирасига бағишланган Соловецкий тошини Москвадаги Лубянка майдонидан олиб ташлаш кераклигини айтди.

Фото: Андрей Соловьев/ТАСС

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши (ИҲК) раҳбари Валерий Фадеев 1990 йилда Сталин террори қурбонлари хотирасига ўрнатилган Соловецкий тошини Москвадаги Лубянка майдонидан олиб ташлаш кераклигини айтди. «Одамлар аслида хотира акциясини эмас, балки Лубянкадаги бино ходимларига — ФСБ, КГБ, НКВДга қарши акция ўтказмоқда. Улар: «Биз шу ердамиз, ҳамма нарса эсимизда, сизларда ҳам ҳаммаси эскича», дейишмоқда. Бу шуни англатадики, Соловецкий тошини Лубянкадан кўчириш керак, чунки бу хотира акцияси эмас, балки бу Лубянкадаги бинода ўтирган одамларни қоралашдир», деди Фадеев 3 декабр, сешанба куни чоп этилган РБК агентлигига берган интервюсида.

ИҲК раҳбарининг сўзларига кўра, Садовая-Спасская кўчаси ва Академик Сахаров шоҳкўчаси чорраҳасида 2017 йилда очилган «Стена скорби» лойиҳасига гул қўйиш керак.

Соловецкий тошидаги «Возвращение имен» акцияси

«Возвращение имен» тадбири анъанавий тарзда 30 октябр куни Соловецкий тоши ёнида бўлиб ўтади.

Тош ГУЛаг тизимининг бир қисми бўлган собиқ Соловецкий лагеридан олиб келинган.

«Возвращение имен» тадбирида исталган киши келиб, Катта террор даврида қатағон қилинган москваликларнинг исм-шарифи ва уларнинг қатл этилган саналарини ўқиши мумкин. Анъана 2007 йилда «Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамияти томонидан бошланган. Сўнгги йилларда Россия ҳукумати пандемияни сабаб сифатида кўрсатиб, унинг амалга оширилишига қарши чиқди.

Мавзуга оид