Жаҳон | 10:09 / 04.12.2024
971
2 дақиқада ўқилади

Сербия парламентига «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун лойиҳаси киритилди

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси Скупшчинага ҳукуматпараст Социалистлар ҳаракати депутатлари томонидан киритилган. Унинг раҳбари, бош вазир ўринбосари Александр Вулин мунтазам равишда Россияга ташриф буюради.

Фото: CC BY-SA 3.0 / Boris Dimitrov

3 декабр, сешанба куни «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сербия парламенти (Скупшчина)га ҳукуматпараст Социалистлар ҳаракати депутатлари томонидан тақдим этилди, унинг раҳбари бош вазир ўринбосари Александр Вулин ҳисобланади.

«Коммерсант» газетасининг аниқлик киритишича, ҳужжатда «хорижий манбалардан молиялаштириладиган сиёсат билан шуғулланувчи барча ташкилотлар ва шахслар ҳар бир нашрда чет эл агенти мақомини кўрсатиши шарт бўлиши» айтилган. Қонунни бузганлик учун айрим фаолият турлари тақиқланади, жиноий жазо ёки 5 минг динордан (конвертация қилинганда: 42 евро) 2 миллион диноргача (17 000 евро) жарима солинади.

Вулин: Лойиҳа Америка қонунига ўхшаш тарзда ишлаб чиқилган

Александр Вулин Сербия ҳукуматида БРИКС давлатлари билан ҳамкорликни назорат қилади. Шу билан бирга, у мунтазам равишда Россияга ташриф буюради. 2023 йилда у «Болқондаги Россия фаолиятини тарғиб қилгани» учун АҚШ томонидан қабул қилинган санкцияларга дучор бўлди.

TV Pink телеканалига берган интервюсида Вулин, унинг ҳаракати томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Американинг хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунининг (FARA) ўхшаши бўлиб, «ноҳукумат ташкилотларни чет элдан молиялаштиришни тақиқлаши»ни айтди. Айни пайтда, мухолифат буни Россия ёки Гуржистоннинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунларига кўпроқ ўхшаш деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид