Жаҳон | 17:06 / 05.12.2024
10226
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда президентга нисбатан тергов бошланди

Жанубий Корея полицияси ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан президент Юн Сок Ёлга нисбатан «давлатга хиёнат» айблови бўйича тергов бошлади. Шунингдек, собиқ мудофаа вазири, армия штаби бошлиғи ва ички ишлар вазири ҳам иш фигурантларига айланган.

Фото: Reuters

Жанубий Корея полицияси 3 декабр куни ҳарбий ҳолат эълон қилингани муносабати билан давлатга хиёнат қилишда гумон қилинган президент Юн Сок Ёлга нисбатан тергов бошлади, деб хабар беради Yonhap агентлиги.

Терговни ўтказиш Миллий полиция агентлиги Миллий тергов бошқармаси қошидаги хавфсизлик бўйича тергов гуруҳига топширилган. Идорага иккита шикоят келиб тушган: бири мухолифат «Кореяни тиклаш» партиясидан, иккинчиси — 59 нафар фаолдан иборат гуруҳ томонидан. Шикоятларда нафақат Юн Сок Ёл, балки собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён, армия штаби бошлиғи генерал Пак Ан Су ва ички ишлар вазири Ли Сан Мин ҳам кўрсатилган.

Даъво аризаларида улар ҳарбий ҳолатни эълон қилиш ва кейинчалик бекор қилишдаги роли учун давлатга хиёнат ҳамда бошқа тегишли жиноятларда айбланмоқда. Бундай даъволар, шунингдек, прокуратура ва юқори мартабали амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлигини тергов қилиш бошқармасига ҳам келиб тушган. Идора ўз терговини ўтказиш ёки уни полицияга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда.

AFP’нинг жанубий кореялик юқори мартабали полициячига таяниб ёзишича, Юнга қарши исён айбловлари бўйича тергов бошланган. YTN хабарига кўра, ваколатни суиистеъмол қилиш айблови ҳам илгари сурилган, бироқ Юн бунда айбдор деб топилса ҳам, унинг амалдаги президентлик мақоми прокурорнинг иш бўйича терговига халақит беради. Шу боис департамент ишни тўғридан тўғри полицияга топшириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл 3 декабр куни мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этди. Президент мухолифат партиялари мамлакатни инқирозга учратишга уринаётгани учун шундай чорага қўл урганини айтган.

Мухолифатдаги Демократик ишчи партияси раҳбари Ли Же Мён ҳарбий ҳолат эълон қилиниши конституцияга хилоф эканини таъкидлади. Шунингдек, президент аъзоси бўлган Халқ ҳокимияти партияси раҳбари Хон Дон Хун ҳам бу чорани «нотўғри» деб атаб, уни блоклашга ваъда берди.

Жанубий Корея Миллий ассамблеяси (парламенти) депутатлари мамлакатда ҳарбий ҳолатни бекор қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганидан кейин ҳарбийлар бинодан чиқиб кетишни бошлагани маълум бўлди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Жанубий Корея президенти ҳарбий ҳолат режимини бекор қилди. Мухолифатдаги «Тобуро» демократик партияси президент Юн Сок Ёлни исёнда айблаб, унга импичмент эълон қилишни талаб этмоқчи. Фуқаролик ташкилотлари Жанубий Корея ҳукуматининг истеъфосини талаб қиляпти.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид