Жаҳон | 20:54 / 12.12.2024
1440
2 дақиқада ўқилади

Telegram 2024 йилда 15 миллиондан зиёд канал ва гуруҳларни блоклади

Блокланган қарийб 702 мингта каналда болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид материаллар бўлган.

Фото: Unsplash

Telegram мессенжери 2024 йилда блокланган каналларга оид статистикасини эълон қилди. Унга кўра, жорий йилда 15,3 миллионта гуруҳ ва каналлар блокланган.

Қайд этилишича, блокланган қарийб 702 мингта каналда болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид материаллар бўлган, яна 129 мингтаси терроризм билан боғлиқлиги сабаб блокланган.

Хабарда таъкидланишича, 2022 йилдан бери терроризм билан боғлиқ 100 миллиондан ортиқ контент ўчирилган.

Telegram асосчиси Павел Дуров август ойи охирида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. У мессенжерни етарлича модерация қилмаганликда гумонланмоқда. Жандармерия маълумотларига кўра, бу ва унинг ҳамкорлик қилишдан бош тортиши уни болалар порнографияси, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни тарқатишда шерик қилади. Кейинроқ Дуров 5 миллион евро гаров ва ҳафтасига икки марта полиция бўлимига хабар бериш мажбурияти эвазига озод қилинганди.

23 сентябр куни Дуров Telegram асосли қонуний талабларга жавобан ҳуқуқ-тартибот идораларига қонун бузган шахсларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини ошкор қилиши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ Париж прокуратурасининг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлими Франция Миллий ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) депутатларининг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани эҳтимоли юзасидан тергов бошлаганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид