Жаҳон | 16:45 / 17.12.2024
3438
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда армия бош штаби бошлиғи ҳибсга олинди

Пак Ан Су 3 декабр куни ҳарбий ҳолат жорий этишга раҳбар қилиб тайинланган эди.

Фото: Yonhap

Жанубий Корея прокуратураси 3 декабр куни ҳарбий ҳолат жорий этишга раҳбарлик қилишга тайинланган армия штаб бошлиғи Пак Ан Суни ҳибсга олди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги хабар берди.

У «исёнда асосий рол ўйнаганлик ва ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда» айбланган. Пак Ан Су мамлакатда ҳар қандай сиёсий фаолиятни тақиқловчи ҳарбий ҳолат тўғрисидаги буйруқни имзолаган эди.

12 декабр куни эрталаб давлат тўнтаришига уриниш бўйича тергов доирасида Пак армия бош штаб бошлиғи лавозимидан четлатилди.

Президент Юн Сок Ёл 3 декабр куни мухолифатнинг «давлатга қарши фаолиятга» алоқадорлигини баҳона қилиб, ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шундан сўнг, Мудофаа вазирлиги ҳарбийларни шай ҳолатга келтиришга буйруқ берди. Ҳарбий ҳолатни жорий этиш вазифаси юклатилган ҳарбий хизматчилар Миллий ассамблея биносига кирди.

Парламентнинг фавқулодда йиғилишида ҳарбий ҳолат бекор қилинди. Миллий ассамблея маъмурияти расмийларининг айтишича, овоз беришдан кейин ҳарбий ҳолат «ўз кучини йўқотди». Шундан сўнг, президент ўз фикрини ўзгартирди ва Вазирлар Маҳкамаси розилигини олгандан кейин ҳарбий ҳолат бекор этилганини расман эълон қилди.

Кейинроқ Жанубий Корея парламенти президентга импичмент эълон қилди. Энди бу қарор Конституциявий судда тасдиқланиши ёки рад қилиниши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид