Жаҳон | 22:51 / 17.12.2024
1736
2 дақиқада ўқилади

Швеция бошпана тақдим этиш қоидаларини кучайтиради

Швеция ҳукумати бошпана тақдим этиш қоидаларини кучайтирадиган қонун лойиҳасини тайёрлади. Энди рад жавобини олган шахслар бошпана тақдим этилишини сўраб фақат беш йилдан кейин қайта ариза беришлари мумкин бўлади.

Фото: Getty Images 

Швеция ҳукумати ва уни қўллаб-қувватловчи «Швеция демократлари» партияси бошпана тақдим этиш қоидаларини кучайтирадиган қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда миграция масалалари бўйича вазир Юхан Форсел маълум қилди.

Янги таклифга кўра, рад жавобини олган шахслар бошпана тақдим этилишини сўраб фақат беш йилдан кейин қайта ариза беришлари мумкин. Бу вақт давомида улар қироллик ҳудудида қолишлари мумкин эмас.

«Ушбу таклифлар бошпана тақдим этиш рад этилган шахсларнинг ватанига қайтишини оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз. Биз, шунингдек, бу бошпана олиш учун асоссиз аризалар сонини қисқартиришига умид қиляпмиз», — дейди Форсел.

Қонунчиликка киритиладиган қўшимчалар 2025 йил 1 апрелдан кучга кириши кутилмоқда.

«Рад этилганидан кейин белгиланган муддат тугаши ва ишни қайта кўриш мақсадида яна ариза топшириш учун Швецияда ноқонуний равишда қолиш рағбати бўлмайди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Австрия ҳукумати ўз ватанига қайтишни истаган суриялик қочқинларга 1000 евродан пул тўлаши маълум бўлганди. Шунингдек, Европа давлатлари сурияликларга бошпана беришни тўхтатишни бошлаган. Берлиннинг аниқлик киритишича, ҳозирча сурияликларни мамлакатдан депортация қилиш ҳақида гап кетмаяпти. Вена, аксинча, «репатриация ва депортация дастурини» тайёрламоқда. Бошқа давлатлар ҳам сурияликларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни тўхтатишини эълон қилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид