Жаҳон | 20:25 / 29.12.2024
6985
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда самолёт ҳалокати туфайли бир ҳафталик мотам эълон қилинди

Jeju Air авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти ҳалокатида 179 йўловчи ҳалок бўлди.

Фото: AP

Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи Чой Санг Мок мамлакатнинг Муан шаҳрида йўловчи самолёти ҳалокати туфайли 7 кунлик мотам эълон қилди.

Jeju Air авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти Бангкокдан учган эди. Самолёт қўниш чоғида ғилдираклари очилмади, у учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди ва панжара деворига урилди. Оқибатда, бир неча бўлакларга ажралди ва ёниб кетди.

Boeing бортида 181 киши бўлган: 175 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси. Улардан 179 нафари ҳалок бўлди, 2 нафари тирик қолди. Йўловчилар асосан Жанубий Корея фуқаролари бўлган.

Бу Жанубий Кореяда қурбонлар сони бўйича энг йирик авиаҳалокат ҳисобланади. Шунингдек, Жанубий Корея авиакомпаниялари орасида қурбонлар сони бўйича учинчи ўринда туради.

1983 йилда совет қирувчи самолёти СССР ҳаво ҳудудига кирган Korean Air авиакомпанияси самолётини уриб туширган, оқибатда 269 йўловчи ҳалок бўлган эди. 1997 йилда Гуамда Korean Air самолёти қулаб, 225 киши ҳалок бўлган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид