Жаҳон | 13:10 / 01.01.2025
1487
2 дақиқада ўқилади

AZAL ҳалокати: терговнинг дастлабки натижалари 30 кун ичида эълон қилинади

Azerbaijan Airlines ҳалокати бўйича терговнинг дастлабки натижалари 30 кун ичида оммага эълон қилинади, деб хабар қилди Қозоғистон транспорт вазирлиги. Ҳозирда самолёт бўлаклари йиғилмоқда, хорижлик мутахассислар Оқтовга етиб келишган.

Фото: Anadolu Agency

25 декабр куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида рўй берган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти ҳалокати бўйича терговнинг дастлабки натижалари 30 кун ичида эълон қилинади. Бу ҳақда 31 декабр, сешанба куни Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бундай давр «умуман олганда, стандартларга мувофиқ».

Ластаевнинг айтишича, ҳозирда терговнинг дала босқичи давом этмоқда — ҳалокат жойида қулаган самолётнинг бўлаклари ва бошқа ашёвий далиллар йиғилмоқда. Барча ашёвий далиллар Оқтов аэропортидаги махсус ангарда тўпланади, мутахассислар у ерда таҳлил қилади.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги, шунингдек, Оқтовга хорижий экспертлар, жумладан, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO), авиаҳалокатларни текшириш ва олдини олиш маркази (CENIPA) ходимлари келгани ҳақида хабар берди. Embraer самолётини ишлаб чиқарувчи давлат - Бразилияга ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари мутахассислар томонидан экспертиза учун юборилди.

Қозоғистон AZAL самолётининг қора қутиларини Бразилияга жўнатди

Azerbaijan Airlines самолётининг Оқтов яқинида қулаши сабабларини ўрганувчи комиссия Бразилияга жўнаб кетди. Бу ҳақда 30 декабр куни Қозоғистон Транспорт вазирлигининг Telegramʼдаги саҳифасида маълум қилинди.

Унга кўра, қора қутилар Бразилиянинг Авиация ҳодисаларини текшириш ва олдини олиш маркази (CENIPA)га етказилади.

Embraer Бразилия компаниясининг самолётидан олинган парвоз ёзувлари маълумотларни олиш учун Жанубий Америка давлатига юборилди, деб хабар қилди Reuters Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотига таяниб.

Бортда овоз ёзиш мосламаси ва парвоз маълумотларини ёзиш мосламасидан олинган маълумотлар Бразилия авиатадқиқотчиларининг лабораториясида қайта ишланади ва бу жараён Қозоғистон, Россия ва Озарбойжон вакиллари томонидан назорат қилинади. Бразилия ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, ёзувлар 31 декабр куни етказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид