Жаҳон | 12:40 / 02.01.2025
1026
3 дақиқада ўқилади

Германиянинг Кемниц шаҳри Европа маданий пойтахтига айланди

Германиянинг шарқий қисмидаги Кемниц шаҳри 2025 йилги Европа маданият пойтахти деб топилди. Тадбирларнинг бир қисми Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги ва ГДР тарихига бағишланади.

Фото: iStock

Германиянинг шарқий қисмидаги Кемниц шаҳри 1 январ, чоршанба куни Словениянинг Нова-Горица ва Италиянинг Гориция шаҳарлари билан бирга 2025 йил учун Европа маданият пойтахти бўлди.

Dpa агентлиги маълумотларига кўра, Кемницда маданий тадбирлар бошланиши 18 январга белгиланган. Шу куни у ерда 80 минггача меҳмон кутилмоқда. Шаҳар марказида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади, сўнгра шаҳар ҳокимияти ва опера театрида маросимлар ташкиллаштирилади.

Бир йилда жами 229 та маданий лойиҳа амалга оширилади. Улар орасида: санъат ва ҳайкалтарошлик йўлини яратиш, Эдвард Мунк шоулари, рақс, мусиқа ва санъат фестиваллари, Европа саноат шаҳарлари ва кончиликнинг ўзгариши ҳақидаги кўргазмалар, Театр майдонида ёзги очиқ ҳавода концертлар.

Дастурнинг бир қисми Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланади. 5 март куни 1945 йилда шаҳарнинг бир қисми иттифоқчилар авиацияси томонидан вайрон этилгани, 2100 га яқин киши ҳалок бўлган Кемниц бомбардимон қилиниши хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади. 8 май куни «Европа тинчликка чақиради» (Europäisches Friedensläuten) деб номланган қўнғироқлар билан акция ўтказилиши режалаштирилган.

Кемницнинг СССР билан боғлиқ маданий мероси

18 январ куни тантанали очилиш маросими шаҳар марказидаги Карл Маркс ёдгорлигида бўлиб ўтади. 1953 йилдан 1990 йилгача ГДР даврида Кемниц Карл-Маркс-Штадт деб номланган. Унинг асосий диққатга сазовор жойларидан бири ҳали ҳам файласуфнинг баҳайбат бош шаклидаги ёдгорлик ҳисобланади. Бу совет ҳайкалтароши Лев Кербелнинг иши ва дунёдаги энг катта ҳайкалтарошлик бошларидан бири. Ёдгорлик Ленинградда тайёрланган. Унинг орқасида тўққиз қават баландликка эга панно жойлашган бўлиб, унда: «Барча мамлакатлар пролетарийлари, бирлашинг!» деган ёзув немис, инглиз, француз ва рус тилларида ёзилган.

Шунингдек, 2025 йилда Кемницда немис ёзувчиси Вернер Бройнигнинг Rummelplatz («Ярмарка майдони» деб таржима қилиниши мумкин) романи асосидаги опера премераси режалаштирилган. Китоб Саксониядаги Руда тоғларида совет атом саноати учун уран қазиб олиш ҳақида ҳикоя қилади. Сюжет 1953 йил 17 июнда ГДРдаги халқ қўзғолони билан якунланади. Китоб 1959-1966 йилларда ёзилган, лекин фақат 2007 йилда нашр этилган. Ёзувчи Германия социалистик бирлик партияси (ГСБП) аъзоси ва социалист бўлган бўлса-да, партия раҳбариятига роман ёқмади ва ГДРда тақиқланган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид