Жаҳон | 22:19 / 05.01.2025
8483
1 дақиқада ўқилади

Японияда тунец балиғи 1,3 млн долларга сотилди

Токиодаги балиқ бозорида ўтказилган кимошди савдоларида 276 килограммли мовий тунец балиғи 1,3 млн доллар сотилди. Уни улгуржи компания ва ресторан биргаликда харид қилди.

Фото: Kyodo

Токионинг Тоёсу балиқ бозорида ўтказилган кимошди савдоларида 276 килограммли мовий тунец балиғи 207 миллион иенага (1,3 миллион доллар) сотилди, деб хабар беради Kyodo агентлиги.

Маълум қилинишича, бу 1999 йилдан бери қайд этилган энг юқори нархдир — 2019 йилда тунец 333 миллион иенага (3,1 миллион доллар) сотилган эди.

Кимошди савдоларида ғалаба қозониш учун учун «Ямаюки» улгуржи компанияси ва Sushi Ginza Onodera ресторани бирлашган. Балиқ 4 январ куни Аомори префектураси шимолида тутилган.

Мамлакатдаги ресторан соҳаси вакиллари йилнинг биринчи савдоларида харид қилинган асосий лот бизнеснинг муваффақиятли кечишига ишонади. Шунингдек, бу энг қиммат балиқни татиб кўриш истагида бўлган мижозларни жалб этишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Токиода бўлиб ўтган балиқ маҳсулотлари кимошди савдосида мовий тунец балиғи 20,84 млн иенага (202,5 минг долларга яқин) сотилганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид