Ўзбекистон | 19:34 / 07.01.2025
7293
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитой раисига таъзия йўллади

Ўзбекистон президенти зилзила оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганлар тез орада шифо топишини тилади.

Фото: Xinhua

Хитой жануби-ғарбидаги Шигацзе шаҳри Динжи уъездида кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Жинпингга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез орада шифо топишини тилади.

Хитой сейсмологик тармоқлар маркази (CENC) маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат эрталабки 09:00 атрофида ХХРнинг Тибет автоном ҳудудининг Непал билан чегараси яқинида 6,8 магнитудали зилзила рўй берган.

Бу ҳудуд Тибетдаги муқаддас тоғлардан ҳисобланиб, бу ерда нуфузи бўйича фақат Далай-ламадан ортда қоладиган, Тибетдаги буддизмнинг муҳим фигураларидан бири Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.

Ер силкиниши Непал пойтахти Катмандуда, шунингдек, Бутан ва Ҳиндистон ҳудудларида ҳам сезилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони 95 кишига етган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид