Жаҳон | 13:55 / 09.02.2025
3291
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан ядровий келишувга эришмоқчи эканини айтди

АҚШ раҳбари муаммони ҳарбий йўл билан эмас, музокара орқали ҳал қилишни афзал кўради.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашдан кўра, келишувга эришишни афзал кўради. Бу ҳақда у 8 февраль куни The New York Post нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Мен Эрон билан ядровий келишув имзоланишини истардим. Мен буни бомбардимондан афзал кўраман... Улар ўлишни хоҳламайди. Ҳеч ким ўлишни хоҳламайди. Агар келишувга эришсак, Исроил уларни бомбардимон қилмайди», деди Трамп.

У Эрон билан келишув қандай бўлиши ҳақида маълумот бермади.

«Мен уларга айтишим керак бўлган нарсаларни ошкор қилишим мумкин эди. Аммо умид қиламанки, улар ҳозир режа қилаётган нарсаларни амалга оширмайди. Менимча, улар бундан жуда хурсанд бўлади», деди Трамп.

Агар Эрон келишувга рози бўлмаса, нима таклиф қилинади деган саволга Трамп шундай жавоб қайтарди: «Буни айта олмайман, чунки бу жуда кескин. Мен уларни бомбардимон қилмайман».

АҚШ 2015 йилги ядровий келишувдан чиққанидан кейин Эрон 2019 йилда ядровий тадқиқотларни тиклади. The New York Times газетасининг 2025 йил февралида келтирган АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, эронлик муҳандислар ядровий қурол яратиш учун «бир йил ёки ундан камроқ, ойлар» давом этадиган қисқароқ йўлни ўрганмоқда.

2024 йил декабрида Трамп Эроннинг ўз ядровий қуролини яратишига йўл қўймасликнинг бир қанча вариантларини, жумладан, Эрон ядровий иншоотларига зарбалар беришни кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид