Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ армияси Днипропетровск областидаги полигонга зарба йўллади
«Украинская правда» ўнлаб ҳарбийлар ҳалок бўлгани, яраланганлар сони 100 га яқинлиги ҳақида хабар берган.
Россия қуролли кучлари 1 март куни Украина қуролли кучларининг Днипропетровск областидаги полигонига ракета ҳужуми уюштирди, натижада Украина қуруқлик қўшинлари бўлинмаларидан бирининг ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлган ва яраланган. Бу ҳақда Украина қуруқлик қўшинларининг 3 март куни фейсбукда эълон қилинган баёнотида айтилади.
Россия зарбаси оқибатида қанча одам ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани расман ошкор этилмаган. «Украинская правда» манбаларга асосланиб хабар беришича, «гап бир неча ўнлаб қурбонлар ва юзга яқин ярадорлар ҳақида кетмоқда». Днипропетровск областидаги касалхоналардан бирида зарба натижасида яраланган «кўп сонли» ҳарбийлар бор, деб ёзади «Суспiльне» манбаларга таяниб.
Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони Михайло Драпатий тергов олиб борилаётгани, ҳарбий контрразведка иштирокидаги мустақил текширув тайинланганини маълум қилди. «Ўша куни қарор қабул қилган ва қарорни ўз вақтида қабул қилмаган ҳар бир киши жавобгарликка тортилади», — деган Драпатий.
Украина Олий Радаси депутати Маряна Безуглая ва украиналик ҳарбий блогерлар ҳам Россия қўшини Днипропетровск областидаги полигонга «сафга тизилиш чоғида» зарба бергани ҳақида хабар тарқатган. Михайло Драпатий ҳодисанинг бу тафсилотини тўғридан тўғри тасдиқламаган, аммо «ҳарбийларни эскирган процедураларга „тортиб“, уларнинг хавфсизлигини эътиборсиз қолдираётганлар» учун «энг қаттиқ жазо» қўлланишига эришилишини айтган.
Россия мудофаа вазирлиги 1 март куни кечқурун телеграм-каналида «Искандер-М» комплексидан Днипропетровск областининг Черкасское қишлоғи яқинидаги «Новомосковский» ҳарбий полигонига ракета зарбаси берилиши акс этган видеони эълон қилди, бу ерда Украина қуролли кучларининг 157-механизациялашган бригадаси ҳарбий хизматчилари бўлган. Видеоёзув геолокациясига кўра, бу ҳақиқатан ҳам Черкасское қишлоғи яқинидаги полигон. Ёзувда полигонда кўплаб чодирлар ўрнатилгани, зарба берилиши арафасида улардан камида биттасидан ҳарбийлар югуриб чиққани акс этган. Ёзувда «Искандер» комплекси ракеталарининг кассетали жанговар каллаклари ўқ-дорилари детонациясини эслатувчи портлашларни кўриш мумкин.
Россия мудофаа вазирлиги таъкидлашича, зарба оқибатида 150 нафаргача ҳарбий, жумладан, 30 нафаргача хорижий инструктор ҳалок бўлган. Бу баҳони мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони йўқ.
Учувчисиз тизимлар бўйича украиналик ҳарбий мутахассис Сергей Бескрестнов (Сергей «Флэш») ҳодисага изоҳ бераркан, телеграм-каналида россияликларнинг зарбадан олдин полигон устидан учиб ўтган «Орлан» дрони ҳам «масъул шахсларни керакли хавфсизлик чораларини кўришга ундай олмагани» ҳақида ёзди. Украиналик блогер ва кўнгилли Сергей Стерненконинг таъкидлашича, Россия разведкачи дрони «учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимоя қилишнинг тўлиқ тизими ҳали ҳам ишга туширилмагани» учун уриб туширилмаганини билдирган.
Сергей Флэш таъкидлашича, 28 феврал куни Россия қўшинлари Запорижжя областига ҳам худди шундай зарба берган. У ҳеч қандай тафсилотларни келтирмади.
Украина давлат тергов бюроси «Россиянинг Днипропетровск областидаги полигонга ракета ҳужуми оқибатида украиналик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани ва яралангани факти юзасидан» ҳарбий хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш моддаси (Украина Жиноят кодексининг 425-моддаси 4-қисми) бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва дахлсизлигига тажовуз қилиш (Украина Жиноят кодексининг 110-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда, дея маълум қилди прокуратура «Суспiльне» журналистларига.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025