Иқтисодиёт | 19:34 / 11.03.2025
11592
10 дақиқада ўқилади

Мустақилликдан кейинги 34 йил. Марказий Осиё давлатлари қандай ривожланди?

Мустақилликка эришилган пайтда Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 47 млрд доллар атрофида эди. Орадан 34 йил ўтиб бу миқдор 10 баробардан кўпроққа ўсиб, 500 млрд долларга яқинлашиб қолди. Миллий иқтисодиётлар юқори суръатда ўсаётган бўлса-да, минтақада хомашё экспорти ва пул ўтказмаларига қарамлик сақланиб қоляпти.

1991 йилда Марказий Осиё давлатлари бирин-кетин СССР таркибидан чиқиб, мустақилликка эришди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида минтақа мамлакатларининг барчасида оғир иқтисодий муаммолар кузатилган бўлса-да, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб миллий иқтисодиётлар тиклана бошлади. Ўтган давр мобайнида аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси ҳам сезиларли яхшиланди.

Хўш, 1991 йилдан кейинги даврда МО давлатлари қандай ривожланди?

Аҳоли жон бошига даромадлар

1991 йилнинг охирида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми Қозоғистонда 1442 долларни, Туркманистонда 832 долларни, Ўзбекистонда 658 долларни, Қирғизистонда 569 долларни, Тожикистонда эса 458 долларни ташкил этган.

2023 йил якунига келиб, бу кўрсаткич давлатлар кесимида қуйидагича ўзгарган:

  • Қозоғистон – 12 919 доллар;
  • Туркманистон – 8232 доллар:
  • Ўзбекистон – 2849 доллар:
  • Қирғизистон – 1970 доллар;
  • Тожикистон – 1160 доллар.

Ўтган 22 йил ичида аҳоли жон бошига даромадлар Қозоғистонда 8,9 баробарга, Туркманистонда 9,9 баробарга, Ўзбекистонда 4,3 баробарга, Қирғизистонда 3,4 баробарга, Тожикистонда 2,5 баробарга ошган.

Ялпи ички маҳсулот ҳажми

1991-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 13,8 млрд доллардан 101,6 млрд долларга ёки 7,3 баробарга кўпайган. Бу кўрсаткич қўшни мамлакатларда қуйидагича бўлган:

  • Қозоғистонда – 24,9 млрд доллардан 262,6 млрд долларгача (ўсиш – 10,5 баробар);
  • Туркманистонда – 3,2 млрд доллардан 60,6 млрд долларгача (ўсиш – 18,9 баробар);
  • Қирғизистонда – 2,54 млрд доллардан 14 млрд долларгача (ўсиш – 5,5 баробар);
  • Тожикистонда – 2,54 млрд доллардан 12 млрд долларгача (ўсиш – 4,7 баробар);

Қайд этиш лозим, халқаро ташкилотлар ва нуфузли рейтинг агентликлари Туркманистон ялпи ички маҳсулотининг ҳажми ва ўсиши ҳақидаги маълумотлар ишончлилигига шубҳа билан қараш кераклигини таъкидлаб келади.

Аҳоли сонининг ўсиши

Ўзбекистон – минтақада энг кўп аҳолига эга давлат. 1991 йилда мамлакат аҳолиси 20,4 млн бўлган бўлса, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатига 37,5 млн нафарга етган.

Қозоғистон аҳолиси 1991 йилда 16,8 млн кишини ташкил этган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу кўрсаткич деярли ўзгармади. 1994 йилдан то 2002 йилгача аҳоли сони сезиларли даражада қисқариб борди ва 2001 йил якунлари бўйича 14,8 млн нафарга тушиб қолди. Бу – асосан мамлакатдан кўп сонли руслар, немислар, чеченлар ва бошқа миллатлар кўчиб кетгани билан ҳам изоҳланади. Шундан сўнг мамлакат аҳолиси кичик фарқ билан бўлса-да ўса бошлади ва 2025 йилнинг 1 январ ҳолатига қарийб 20,3 млн нафарга етди.

Тожикистон постсовет республикалари орасида аҳоли сони ўсиши бўйича 1-ўринда туради. Хусусан, 1991 йилда Тожикистон аҳолиси 5,3 млн бўлган бўлса, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, 10,5 миллионга яқинлашди.

1991 йил СССР тарқаб кетиши арафасида Қирғизистон аҳолиси 4,4 миллионни, Туркманистон аҳолиси эса 3,7 млн кишини ташкил қилган. Марказий Осиёнинг бошқа республикалари каби Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам аҳоли сони кўпайган: мос равишда 7,2 млн ва 6,3 миллиондан ошган.

Мустақилликка эришилган пайтда Марказий Осиёнинг 5 та мамлакатида умумий ҳисобда 50 миллиондан кўпроқ киши яшаган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилнинг охирига келиб 80 миллион кишидан ошди. Энг катта ўсиш – Тожикистон (98 фоиз) ва Ўзбекистонда (84 фоиз) кузатилган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам аҳоли сони сезиларли даражада кўпайган.

Давлат қарзлари

Инфратузилма лойиҳаларини ривожлантирмай туриб, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш имконсиз. Шу боисдан бўлса керак, охирги йилларда Марказий Осиё давлатлари ташқи қарзининг ўсиш суръати сезиларли даражада тезлашди.

Хусусан, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40,2 млрд долларга етган (бир йил олдингига нисбатан 5,3 млрд долларга кўп). Қозоғистоннинг давлат қарзи эса 60,8 млрд долларни ташкил этади.

2024 йил 1 январ ҳолатига, Марказий Осиё давлатларининг давлат қарзи миқдори ва унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши қуйидагича бўлган:

  • Қозоғистон – 59,8 млрд доллар, ЯИМ ($259,3 млрд)нинг 23 фоизи;
  • Ўзбекистон – 34,9 млрд доллар, ЯИМ ($101,6 млрд)нинг 34,4 фоизи;
  • Қирғизистон – 6,2 млрд доллар, ЯИМ ($13,7 млрд)нинг 45,2 фоизи;
  • Тожикистон – 3,6 млрд доллар, ЯИМ ($12,1 млрд)нинг 30,2 фоизи;
  • Туркманистон – тахминан 3,8 млрд доллар, ЯИМ ($75,4 млрд)нинг 5 фоизи.

Корпоратив ташқи қарз ҳам қўшилганда, бу миқдор Қозоғистонда – 165,6 млрд долларни, Ўзбекистонда 60,2 млрд долларни ташкил этади.

Трансчегаравий пул ўтказмаларига боғлиқлик

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё мамлакатларида меҳнат миграцияси миллионлаб фуқаролар учун асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қоляпти. 2024 йил ҳолатига, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМнинг 45 фоизини ташкил этган – бу нисбий маънода дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қирғизистонда пул ўтказмаларининг ЯИМдаги улуши 24 фоизга, Ўзбекистонда эса 14 фоизга етади.

“Ушбу мамлакатлардан келган муҳожирлар чет элда ишлаш орқали ўз даромадларини икки ёки уч баравар оширишлари мумкин, бу эса уларнинг оилалари турмуш даражасини сезиларли даражада яхшилайди. Хусусан, Қирғизистонда пул ўтказмалари оладиган уй хўжаликлари орасида камбағаллик даражаси 10 фоиздан кам, уларсиз эса 50 фоиздан ошган бўларди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонга пул ўтказмалари бўлмаганда мамлакатдаги камбағаллик даражаси 9,6 фоиздан 16,8 фоизга ошиши мумкин”, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Иқтисодиётларнинг мураккаблик даражаси

Собиқ совет иттифоқи даврида республикалар марказга хомашё етказиб берадиган база вазифасини бажарган. Саноат деярли ривожланмаган. Шу сабабли Марказий Осиё мамлакатларининг “иқтисодий мураккаблик” (economic complexity) даражаси ҳамон паст бўлиб қоляпти. Чунки уларнинг иқтисодиётлари асосан хомашё (нефт, газ, минерал ресурслар) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига қаттиқ боғланган.

Масалан, 2024 йилда Қозоғистон умумий экспортининг 53 фоизини нефт ва нефт маҳсулотлари ташкил қилган, Ўзбекистон экспортида олтиннинг улуши қарийб 28 фоиз бўлган. Туркманистон иқтисодиёти эса бутунлай табиий газ экспортига боғлиқ.

Албатта, ресурслар ислоҳотларнинг бошланишида устунлик бериши мумкин, аммо кейинчалик давлат институтлари ривожланиши ва бу иқтисодиётда ҳам ўз аксини топиши керак. Масалан, 2014 йилда нефт нархининг арзонлашиши Қозоғистон иқтисодиётида турғунлик бошланишига сабаб бўлган.

Economic complexity index – мамлакатнинг иқтисодий билим ва қобилиятларини акс эттиради. Юқори ECI кўрсаткичига эга мамлакатлар (масалан, Япония, Германия) одатда ишлаб чиқариш мураккаб ва кам учрайдиган маҳсулотларни экспорт қилади. Паст ECI'га эга мамлакатлар эса (масалан, нефтга боғлиқ иқтисодиётлар) камроқ турдаги маҳсулот экспорт қилади. ECI иккита асосий ўлчовга таянади:

  • Диверсификация. Мамлакат экспорт қиладиган маҳсулотларнинг сони, яъни экспорт саватчасидаги маҳсулотларнинг хилма-хиллиги.
  • Убиквитет (умумийлик): Ушбу маҳсулотларни экспорт қила оладиган бошқа мамлакатлар сони, яъни маҳсулотнинг қанчалик “нодир” ёки “махсус” экани.

2023 йилда эълон қилинган индексда 132 мамлакат ичида Ўзбекистон 66-ўринни, Қирғизистон 72-ўринни, Қозоғистон 86-ўринни, Туркманистон 107-ўринни, Тожикистон 110-ўринни эгаллаган. Минтақа мамлакатларининг бирортаси рейтингда мусбат балл ололмаган.

Асосан хомашё экспорт қилишга боғланган иқтисодиёт аҳолининг аксарият қисмини етарли даражадаги даромад билан таъминлай олмайди. Мураккаблик даражасини оширмай туриб, аҳоли орасидаги тенгсизликни бартараф этиш жуда қийин.

Амалга ошмаган интеграция

Марказий Осиё давлатлари интеграция устида ўтган асрнинг 90-йилларидан бери бош қотириб келади. Бироқ қатор ички ва ташқи омиллар бу жараённи тўлиқ амалга оширишга халақит қиляпти.

1994 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти тузилиб, унга 1998 йилда Тожикистон ҳам аъзо бўлиб киради. 2002 йилда ҳамжамият номи Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ)га ўзгартирилиб, тузилмага 2004 йилда минтақа ташқарисидаги Россия қўшилади ва қутблар мувозанатини ўзгартириб юборади.

МОҲТга аъзо давлатлар параллел равишда Москва етовидаги Евросиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ)га ҳам аъзо эди. Бир йил ўтиб, 2005 йилда «иккала ташкилот вазифалари такрорланмоқда» деган важ билан, Марказий Осиё давлатларининг Россиядан мустақил бўлган ўзаро интеграциясига чек қўйилади. Шундан бери минтақада мустақил интеграцион ташкилот тузилмади.

Давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий низолар эса ўзаро савдо алоқаларининг кескин ёмонлашишига олиб келган. Масалан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2007 йилдаги 300 миллион доллардан 2014 йилда 2,1 миллион долларгача қисқарган.

Шунингдек, Афғонистондаги сиёсий инқироз, Тожикистондаги фуқаролар уруши, Қирғизистондаги инқилоблар ҳам узоқ йиллар Марказий Осиё мамлакатларининг инвестициявий жозибадорлигига жиддий путур етказди. Нотинч вазият эндигина мустақилликка эришган ёш давлатларга ҳарбий соҳага катта маблағ ажратишни тақозо қилади. Бу омиллар минтақа давлатларининг иқтисодий ривожланишига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, МДҲ мамлакатларининг иқтисодий ўсишида Россияга юқори боғлиқлик сақланиб қолган бўлиб, агар Россияда кризис ҳолати юзага келса, бу бошқаларга ҳам таъсир қилади. Шу жиҳатдан минтақа мамлакатларига расмий Москва ва дунёнинг қолган қисмидаги давлатлар билан алоқаларни мувозанатлаш оғир муаммо бўлиб қоляпти.

Бундан ташқари, МО мамлакатларида давлатнинг иқтисодиётдаги ҳукмрон мавқейи сақланиб қолган, бозор иқтисодиётига ўтиш ҳали тугалланмаган. Хомашё экспортига қарамлик ҳам давом этяпти.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид