«Газпром» Ғарб санкцияларидан энг катта зарар кўрган компания бўлди — Reuters
Бир пайтлар Россиянинг юксакларга парвоз қилган ва капитализацияси бўйича жаҳонда олд ўринларда турган газ экспорт қилувчи компанияси Европа бозоридан айрилиб, оғир аҳволда қолди, деб ёзмоқда Reuters.

Фото: REUTERS
Россия давлат газ гиганти «Газпром» бош директори Алексей Миллер 11 йил аввал Санкт-Петербург шаҳри марказида Италиянинг сарой услубида барпо этилган ҳашаматли бинони очаркан, унинг келажаги Европа бозорига боғлиқ эканини башорат қилган эди.
Россиянинг энг «европача» шаҳрида қурилган замонавий офислар ҳақида гапирар экан, Миллер: «Бу рамзий маънога эга. Европанинг Россия газига эҳтиёжи янада ортади», деганди.
Бироқ бугунга келиб ушбу ҳашаматли офислар «Газпром»нинг кескин таназзули рамзига айланди. Украинадаги уруш туфайли Россиянинг Ғарб билан муносабатлари узилганидан сўнг компания Европа бозорларини қарийб бутунлай йўқотди.
Бир неча миллиард долларлик зарар кўриб, иқтисод қилиш учун чора излаётган «Газпром» раҳбарияти энди ушбу бинони бошқа ҳашаматли мулклари билан бирга сотишни ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда «Газпром» раҳбариятидан бири ҳамда компания ичидаги муҳокамалардан хабардор яна бир манба Reutersʼга маълум қилди.
«Газпром» Россиянинг уч йил аввал Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг жорий қилинган халқаро санкциялардан энг кўп зарар кўрган компания бўлди. Россия иқтисодиётининг умумий барқарорлиги сақланаётган бўлса-да, бир қанча соҳаларда кескин қийинчиликлар кузатила бошлади. Reuters аввалроқ президент Владимир Путин ҳарбий харажатларнинг кескин ортиши иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётганидан хавотирда экани ҳақида хабар берган эди.
«Газпром экспорт» ходимлари кескин қисқариб, бир неча ўн кишигача тушиб қолди. Бир пайтлар компаниянинг энг фаровон бўлинмаси бўлган ва ярим асрдан ортиқ давомида СССР ҳамда Россиянинг Европага газ сотувини бошқариб келган ушбу бўлинмада ҳозир фақат бир неча ўнлаб ходим қолган.
Россия Европага энг кўп газ экспорт қилган беш йил олдинги даврда ушбу бўлинмада 600 киши ишлаётган эди. Бинонинг сотилиши мумкинлиги ва ходимлар қисқартирилгани ҳақида ҳозирча бирор жойда расмий хабар берилмаган.
«Газпром» матбуот хизмати ва Россия энергетика вазирлиги ушбу хабар юзасидан изоҳ бериш бўйича қилинган мурожаатларни жавобсиз қолдирди.
Вазиятдан хабардор манбаларнинг Reutersʼга билдиришича, Европа бозори йўқотилгач, қолган ходимлар асосан Европа Иттифоқидаги собиқ харидорлар билан суд жараёнларига жалб қилинган. «Газпром экспорт» ҳозирда «шунчаки қуруқ қобиқ»қа айланган, дейди манбалардан бири.
Кремлга яқин «Миллий энергетика хавфсизлиги жамғармаси» эксперти Алексей Гривачнинг таъкидлашича, яқин истиқболда «Газпром»нинг вазифаси анча камтарона бўлиб, асосан Россия аҳолисининг газ таъминотини яхшилашга қаратилган.
«Газпром»га иқтисодиёт ва аҳолини арзон, давлат томонидан тартибга солинадиган нархларда газ билан таъминлаш ва газлаштириш вазифаси юкланган», деди у.
Reuters ушбу материални тайёрлашда «Газпром»нинг уч нафар раҳбари ва олтита ҳозирги ҳамда собиқ ходими билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси профессионал оқибатлардан хавфсираб, номини ошкор қилмасликни сўраган.
Кенг қамровли қисқартиришлар
Ходимлар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, «Газпром» муаммолари фақат экспорт бўлими билан чекланиб қолмаган. Reuters билан мулоқот қилган икки манбанинг маълумотига кўра, Алексей Миллер Россиядаги бош компания қароргоҳида ва Санкт-Петербургда жойлашган, Европа бўйича энг баланд бинолардан бири ҳисобланган Британия лойиҳаси асосида қурилган «Лахта центр»да ҳам 1500 нафар ходимни қисқартириш режасини тасдиқлаган.
Бошқа бир манбанинг сўзларига кўра, «Газпром» бош қароргоҳидаги қисқартиришлар ҳали расман эълон қилинмаган бўлса-да, ходимлардан ўз иш ўринларини сақлаб қолиш учун тақдимотлар тайёрлаш талаб қилинган. Ходимлар ўз вазифалари ва бир-бири билан ўхшашликлар ҳақида баённома ёзиб топшириши керак. Бу жараён бир неча ҳафта ичида якунланиши кутилмоқда.
Ушбу қисқартиришлар «Газпром»нинг бош қароргоҳидаги жами ходимларнинг тахминан 40 фоизини ташкил этади, аммо бутун Россия бўйлаб ярим миллион кишидан иборат умумий ишчи кучига нисбатан кичик улушдир.
Бир раҳбарнинг айтишича, компания бошқаруви Европанинг қарорли позициясини нотўғри баҳолаган. Компания ичидаги фикрларга кўра, Европа тез орада Россия гази учун «илтижо қилиб» қайта мурожаат қилади, деб тахмин қилинган эди. Бироқ энергетика харажатлари ошганига қарамасдан, Европа Иттифоқи санкциялардан воз кечмади. «Биз хатога йўл қўйган эканмиз», — деди мазкур раҳбар.
Россия газининг ўрнини АҚШ тезда эгаллади ва Европа қитъасида АҚШ ҳозир энг йирик суюлтирилган таббий газ (LNG) экспортёри бўлиб қолди. АҚШнинг Европага етказиб бераётган LNG ҳажми 2021 йилдан буён уч баробар ошган. Европа ҳали ҳам Россиянинг денгиз орқали етказиб бериладиган суюлтирилган газини харид қилмоқда, бироқ харидлар асосан «Газпром»нинг рақобатчиси бўлган «Новатэк»нинг «Ямал LNG» заводидан амалга оширилмоқда.
Европа Иттифоқи 2027 йилга бориб Россиядан келадиган ёқилғига қарамликни тўлиқ тўхтатишни режалаштирмоқда. Умумий газ истеъмоли эса қисман қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиши сабаб камайиб бормоқда.
2023 йил якунлари бўйича «Газпром» 7 млрд доллар миқдорида зарар кўрганини эълон қилди. Бу Владимир Путин ҳокимиятга келган 1999 йилдан бери компаниянинг биринчи зараридир. Шунингдек, 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида ҳам йирик зарар қайд этилган.
2024 йил декабри ўрталарида «Газпром» акциялари 2009 йил январидан бери энг паст даражага тушиб, бир акция учун 106,1 рублни ташкил этди. Бу 2024 йил бошидан бери 33 фоиздан кўпроқ пасайиш демакдир.
Ўтган йили йиллик зарар ҳақида хабар берганидан бир неча ой ўтиб, «Газпром» Москва ва Арманистондаги «Гуллар водийси»да жойлашган таниқли ҳашаматли меҳмонхоналарни ўз ичига олган юқори қийматли мулкларини сотишини маълум қилган эди.
«Газпром» узоқ йиллар давомида ҳашаматли мулкларга сармоя киритиб келган. Бу мулклар ходимларни рағбатлантириш, уларга мароқли дам олиш имконияти бериш, шунингдек, 2014 йилги қишки Олимпия ўйинлари каби турли конференциялар ва тадбирларни ўтказиш учун фойдаланилган.
Трамп эффекти
Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши «Газпром» акциялари қиймати тикланишига бироз ёрдам бериб, уларнинг нархи тахминан 180 рублга кўтарилди. Бу ҳақда ўтган ойда Alpha Bank ўз ҳисоботида маълум қилди. Бунга Украинадаги урушда тезкор тинчлик келишувига эришилиши ва натижада Европа билан газ экспорти тикланиши мумкинлигига умидлар сабаб бўлди.
Шунга қарамай, Европанинг қайтадан Россия газига қарам бўлиб қолишига ишоралар кам. Financial Times нашрига кўра, Путиннинг узоқ йиллик иттифоқдошларидан бири Америка Қўшма Штатларидан қиймати 11 млрд доллар бўлган ва Россиядан Германия орқали газ етказувчи «Шимолий оқим-2» газ қувурини қайта ишга туширишга рухсат беришни сўрамоқда. Бироқ Германия Россия энергия манбаларига боғлиқ бўлмаслик сиёсатига содиқ қолишини билдирган.
Агар Европа қайта газ олишни хоҳлаган тақдирда ҳам, ҳозир қисман шикастланган ҳолатда бўлган «Шимолий оқим» газ қувури ишламайди.
Shell компаниясининг интеграл газ бўйича ижрочи вице-президенти Седерик Кремерс феврал ойи охирида Лондонда бўлиб ўтган Халқаро энергетика ҳафталигида «Россия қувур гази Европага қайтиши мумкинми?» деган саволга жавобан: «Бу кўп омилларга боғлиқ», дея таъкидлади.
У «Газпром» билан боғлиқ кўплаб суд жараёнларига эътибор қаратиб, «харидорлар ва Европа Россия газига аввалгидай боғланиб қолишни хоҳлайдими?» деган саволни ўртага ташлади.
Европа комиссияси маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи санкцияларидан аввал «Газпром»нинг Европа бозоридаги 35 фоиздан юқори бўлган улуши ҳозир 7 фоизга тушиб қолган.
Москва фонд биржаси, «Газпром» ва Reuters ҳисоб-китобларига кўра, компаниянинг бозор капиталлашуви чоршанба куни ҳолатига кўра тахминан 46 млрд долларни ташкил этмоқда. Бу эса 2007 йилдаги энг юқори кўрсаткич — 330,9 млрд доллардан 7 баробар пастдир.
Миллер даври интиҳоси
Компания ички газ таъминотчиси сифатида янги ролга мослашар экан, бош директор Алексей Миллернинг илгариги баландпарвоз режалари амалга ошмай қолди. 2007 йилда Миллер компаниянинг бозор қиймати келажакда 1 трлн долларга етишини айтган эди.
Ўша пайтларда бу реал маррадек кўринган бўлса-да, ҳозир компания ички бозорга газ етказиб бериш билан чекланиб қолган. Миллер 24 йилдан бери компанияни бошқаради. У Россия президенти Владимир Путин билан 1990-йилларда Путин Санкт-Петербург мэриясида ишлаган пайтлардан бери яқин дўст ҳисобланади. Миллер 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари рўйхатида бўлиб, АҚШ фуқаролари ва компанияларига у билан ҳар қандай алоқалар тақиқланган.
«Газпром» узоқ йиллар давомида Россияда «давлат ичида давлат» мақомида бўлган эди. Компаниянинг Европа бозоридаги улуши 35 фоиздан ошиқ бўлганди. Reuters билан гаплашган манбалар компаниянинг ишлаб чиқариш объектлари ёки моношаҳарлар («Газпром» томонидан барпо этилган шаҳарлар)даги иш жойларининг қисқартирилиши ҳақида режалар йўқлигини маълум қилган.
Қирлар оша газ ўтказиш истиқболлари
Путиннинг Европага газ экспорт қилишни Хитой бозори билан алмаштириш ҳақидаги узоқ муддатли ваъдалари ҳозирча оптимистик қараш сифатида қолмоқда. Ҳатто энг катта режалар билан шарққа газ етказиш лойиҳалари амалга ошган тақдирда ҳам, уларнинг ҳажми аввалги йилларда Европа бозорига етказилган 180 миллиард куб метр газнинг ярмига ҳам етмайди.
Россия газининг катта қисми Европага газ ҳайдаш қувурлари орқали етказиларди. Германия ва бошқа Европа мамлакатлари харидларни тўхтатганидан кейин ортган газни жойлаштиришнинг бошқа йўли қолмади.
Шунга қарамай, Россия нефт экспортчилари танкерларини уларга нисбатан санкциялар қўлламаган Осиё мамлакатларига қайта йўналтира олди.
Россиянинг 2023 йилда рекорд даражада пасайган газ ишлаб чиқариши ўтган йили ички бозордаги талабнинг ўсиши ва Хитойга экспортнинг кўпайиши ҳисобига қисман тикланди. Аммо бу савдони янада кенгайтириш учун қувур инфратузилмаси етарли эмас.
Ҳозирча Россиядан Хитойга газ етказиб берувчи ягона катта йўналиш – йилига 38 миллиард куб метр қувватга эга бўлган «Сибир қудрати» қувуридир.
Иккинчи кичикроқ қувур – йилига 10 миллиард куб метр газ ташиш имкониятига эга бўлган ва Тинч океанидаги Сахалин оролини Хитой билан боғлайдиган линия – 2027 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган.
Россия ва Хитой ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида учинчи – «Сибир қудрати-2» газ қувурини қуриш ҳақида музокаралар олиб бормоқда. Бу қувур йилига 50 миллиард куб метр газ ташиши ва Хитой газ истеъмолининг ўндан бир қисмини қоплаши мумкин. Бироқ ушбу режа амалга ошиши учун бир неча йиллар керак, нархлар борасидаги келишмовчиликлар сабаб музокаралар тўхтаб қолган, дейилади оммавий ахборот воситалари хабарларида.
Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак май ойида Россия ва Хитой «Сибир қудрати-2» газ қувури бўйича шартномани «яқин вақт ичида» имзолашини маълум қилган эди.
«Интерфакс» агентлигига кўра, январ ойида президент Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасида «Сибир қудрати-2» масаласи муҳокама қилинган, бироқ келишувга эришилмаган.
Газпром билан музокара олиб бораётган China National Petroleum Corporation компанияси ушбу жараёнга изоҳ беришдан бош тортди. Россия ҳукумати ҳам Reuters агентлиги сўровига жавоб бермади.
Колумбия университети Глобал энергетика сиёсати маркази таҳлилчиларининг таъкидлашича, агар ҳатто «Сибир қудрати-2» лойиҳаси тез фурсатда амалга оширилган тақдирда ҳам, газ ҳажми ва нарх шартлари Европага ўтмишда амалга оширилган экспорт кўрсаткичларидан анча паст бўлади.
«2030 йилга бориб Россия газ экспортидан олинадиган даромад 2022 йил билан таққослаганда 55-80 фоизга қисқариши мумкин. 2022 йилда Россия газ саноати рекорд даражада, 165 млрд доллар даромад олган эди», дейилади марказ томонидан ўтган йили тайёрланган таҳлилий ҳисоботда.
Мавзуга оид

17:12
Россия Хитой ва Ҳиндистон билан нефт савдосида криптовалютадан фойдаланаётгани маълум бўлди

17:01
Кит Келлогг Кремль талабига биноан Украина бўйича музокаралардан четлатилди

13:53
Зеленский: Россия урушни давом эттиришга интиляпти

13:52