Жаҳон | 16:11 / 20.04.2025
7056
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Ҳарбий-ҳаво кучлари деярли барча парвозларни тўхтатди

KA-1 штурмовиги ўқув машғулоти пайтида тасодифан иккита пулемёт контейнери ва иккита бўш ёнилғи бакини ташлаб юборди. Шу боис мамлакатдаги деярли барча ҳарбий ҳаво кемалари парвози 22 апрелга қадар тўхтатилди.

Фото: AP

Жанубий Корея Ҳарбий-ҳаво кучлари KA-1 енгил штурмовиги иккита пулемёт контейнери ҳамда бўш ёнилғи бакларини тасодифан ташлаб юборганидан кейин ўзининг деярли барча ҳаво кемалари парвозини тўхтатиб қўйди, деб хабар беради Yonhap.

Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) вакилларининг сўзларига кўра, мазкур воқеадан кейин 22 апрелга қадар парвозларни чеклашга қарор қилинган. Бунда фақат разведка операцияларини амалга оширадиган ёки юқори жанговар шай ҳолат режимида бўлган самолётлар парвоз қилиши мумкин.

Қайд этилишича, ушбу қадам АҚШ билан ҳамкорликда ўтказилаётган Freedom Flag ўқ машғулотларига таъсир кўрсатади. ҲҲК штаби маълумотларига кўра, 2 майга қадар давом этадиган манёврларга қарийб 1,1 минг ҳарбий хизматчи ва 90 та самолёт, жумладан, Жанубий Кореянинг F-35A, F-15K ва KF-16, Американинг F-16 ва F35B қирувчилари, шунингдек, MQ-1 ва MQ-9 дронлари жалб этилган.

Ҳарбий-ҳаво кучлари штаб бошлиғи генерал Ли Ён Су 21 апрел куни қўмондонлар билан келажакда бу каби ҳолатларнинг олдини олиши бўйича йиғилиш ўтказади.

Yonhap’нинг ёзишича, КА-1 штурмовиги иккита пулемёт контейнери ва иккита бўш ёнилғи бакини 18 апрел куни Пхёнчханда ўтказилган ўқув машғулотлари давомида йўқотиб қўйган. Ҳодиса оқибатида ҳеч кимга зарар етмаган.

Контейнерларни қидиришга HH-60 вертолёти ва 270 га яқин ҳарбий хизматчи йўналтирилган. Улар контейнерларни Канвондо провинциясидаги Ёнвол уездидан топишга муваффақ бўлган. Улар билан бирга пулемёт ва 12,7 миллиметр калибрли 500 та наряд ҳам тушиб кетганди.

ҲҲК фуқаролардан юз берган воқеа учун узр сўради.

Март ойида иккита KF-16 қирувчи самолёти тасодифан Пхочхон шаҳри атрофида саккизта MK-82 бомбаларини ташлаб юборганди. Учувчининг хатоси сабаб содир бўлган ҳодиса оқибатда 52 киши жароҳат олган эди.

Мавзуга оид