Парламентда ғоялар тўқнашуви: Навбатдаги ялпи мажлис қандай ўтди?
Охирги вақтларда Қонунчилик палатасида ялпи мажлислар тобора жонланиб, фракциялар позициялари кескинлашиб бораётганини кўряпмиз. Баҳслар жонли, фикрлар хилма-хил, депутатлар анча дадил. Бугун яна бир маротаба парламентда ҳеч кузатилмаган ҳолатнинг гувоҳи бўлдик.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати
Гап шундаки, Қонунчилик палатасининг бугунги ялпи мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ишлаб чиқилган Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси 71 та қарши овоз билан рад этилди.
Иқтисодий ислоҳотларни устувор қўядиган ЎзЛиДеПчиларнинг тадбиркорлар манфаатларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аҳолининг ижтимоий қатламларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи ХДП вакилларига, иқтисодий масалаларга сўл қараш нуқтаи назари билан ёндашадиган, турли соҳаларда давлат назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайдиган Адолатчиларга тўғри келмади. Экология мафкураси ва ғояларини илгари сурувчи Экопартия фракцияси ҳам бу сафар социал-демократчиларни қўллаб-қувватлади.
Ялпи мажлисда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан дастлаб ташаббускор депутатлар вакили Абдуманноп Бўриевнинг маърузаси эшитилди.
Мажлисда сўз олган, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ф. Шарипов ишчи-ходимларни ҳар томонлама кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ХДП партиясининг ўз олдига қўйилган устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, Меҳнат кодексининг 164-моддасига таклиф этилаётган ўзгартириш ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эмасми? Бу эртага тадбиркорлар томонидан хоҳлаган ходимини ишдан бўшатишга олиб келмайдими, деган савол билан юзланди.
Абдуманноп Бўриев ҳамкасбининг юқоридаги саволига касаба уюшмаси 10 кун ичида хабарномага эътироз билдирса, меҳнат шартномаси бекор қилинмаслиги, ушбу ўзгартиришдан кўзланаётган мақсад, кичик бизнес субъектлари бўлган иш берувчилар томонидан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда айрим бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, дея тушунтириш берди.
ХДП фракциясининг яна бир аъзоси Шокиржон Аҳмедов ҳам фракциядошининг муносабатини қўллаб-қувватлаб, қонун лойиҳасини қайтариш таклифини билдирди.
“Адолат” фракцияси аъзоси Бекзод Тўхтамуродов қонун лойиҳасидаги ўзгартиришларда тадбиркорларга кўпроқ ён босилаётгани, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига юклатилган асосий ижтимоий мажбуриятларнинг бекор қилинишини фракция нотўғри, деб ҳисоблашини қайд этиб, қонун лойиҳасини бу шаклда маъқулламаслигини билдирди.
Яна бир адолатчи депутат Шуҳрат Якубов ташаббускорлар томонидан қонун лойиҳасига киритилаётган олти ойдан ортиқ узлуксиз тўлиқ меҳнатга лаёқатсиз ҳолати ҳам ишдан бўшатишга сабаб бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ нормага жиддий эътироз билдирди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Руслан Собировнинг айтишича, таклиф этилаётган ўзгаришлар натижасида ходимнинг узоқ муддат даволаниш вақтидаги тўловларни амалга ошириши, ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз, деб эътироф этилишидаги сансалорликлар, хусусан, унга бошқа иш таклиф қилиш, ТИЭК хулосасини олиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топилади.
Раислик қилувчи томонидан қонун лойиҳаси ташаббускорларининг фикрлари сўралганидан сўнг, ташаббускорлардан бири Шуҳрат Шарафутдинов қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда энг аввало, тадбиркорлар фаолиятидаги ортиқча юклама, мажбуриятлар ва бюроратик тўсиқларни олиб ташлаш орқали тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинганини таъкидлади. Бундан ташқари, у иқтисодиётда норасмий секторда банд бўлганлар улуши ортиб бораётгани, қонунчиликда тадбиркорларга бу каби енгилликлар бериш, улар фаолиятини янада ривожлантириш ва ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилишида, ходимлар ижтимоий ҳимояси таъминланишида муҳим аҳамиятга эгалиги нуқтаи назаридан қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб беришларини сўради.
Муҳокамаларга қўшилган Экологик партия фракцияси аъзоси Ж.Абдуллаев эса лойиҳага киритиш таклиф этилаётган меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилишда ходим ўзи берган аризани иш берувчининг розилиги билан қайтариб олиши билан боғлиқ норма келгусида иш берувчи норози бўлса ходимнинг ишсиз қолишига сабаб бўладими, деб хавотирини билдирди. Яна бир лойиҳа ташаббускори бўлган депутат Севара Абдуллаева ушбу савол юзасидан бу моддага киритилаётган таҳрирда ходимнинг ҳуқуқи чекланмаётгани, аксинча, меҳнат муносабатларидаги ҳар икки тарафнинг ҳам манфаатлари инобатга олинмоқда, дея тушунтириш берди.
Савол-жавоблар, кескин мунозаралар фонида сўз олган ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Ўзбекистон ХДП фракцияси ушбу қонун лойиҳасининг бундай тарзда қабул қилинишига қарши эканлигини қайд этиб, қонун лойиҳасини ташаббускорларга қайтариш таклифини илгари суришини маълум қилди ва бошқа депутатларни ҳам бунга чақирди.
У. Иноятовнинг позициясидан сўнг, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитовнинг муносабати эшитилди. Унинг таъкидлашича, қонун лойиҳасида кўтарилган масалалар иш берувчининг манфаатларига устуворлик бераётгандек туюлсада, аслида бу ишчи-ходимларни, ёшларни қўллаб-қувватлаш, кўпроқ янги иш ўринлари яратиш ва меҳнат бозорида ишчиларни самарали ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб овоз беришни сўради.
Шундан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди ҳамда 71 та қарши овоз билан рад этилди.
Натижа қандай бўлишидан қатъи назар, парламентдаги ўзгаришлар қувонарли.
Партиялар сайловчиларга берган ваъдаларини бажаришга, сайловолди дастурларини амалга оширишга, сиёсий майдонда муносиб ўрин эгаллашга жиддий ҳаракат бошлаган. Айтиш мумкинки, сайлов жараёнида партиялар ўртасида бўлган кураш ва баҳс-мунозаралар парламентга кўчаётгандек, тасаввур уйғотмоқда.
Буни партияларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойланган муносабатлардан ҳам сезиш мумкин.
Ялпи мажлисдан сўнг ХДПнинг телеграм ижтимоий тармоғида қонун лойиҳаси юзасидан — “Позициямиз ўзгармайди: тадбиркорларга енгилликлар ижтимоий ҳуқуқлар кафолатини поймол қилиш ҳисобига бўлиши керак эмас”, — дея хабар жойланган.
ЎзЛиДеПнинг телеграм саҳифасида эса фракция раҳбари Актам Хаитовнинг муносабати берилибди. Унда “Ушбу қонун лойиҳаси қаршиликларга учраган бўлишига қарамай, фракциямиз аъзолари уни янада такомиллаштириб, албатта, қабул қилиш учун бор кучини сарфлайди”, — дейди партия етакчиси.
Балки илгари ҳам парламентда шу каби “тўполон”лар бўлган, қатъий позициялар билдирилгандир, аммо ташқарига чиқмаган. Энди нафақат жонли эфирларга, балки ижтимоий тармоқларга ҳам кўчмоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Бу, албатта, жамиятга манфаатлидир.
Мавзуга оид

18:00 / 23.04.2025
Таклифи инобатга олинмаган либераллар, нормани қатъий ҳимоя қилган ташаббускорлар – Қонунчилик палатаси ялпи мажлиси қандай ўтди?

18:13 / 22.04.2025
Солиқдан қочган тадбиркор илк марта қўлга тушганида зарарни қоплаб, енгиллик олиши мумкин

17:14 / 19.04.2025
Депутатлар сунъий интеллектда яратилган ноқонуний контент учун жазога изоҳ берди

20:54 / 15.04.2025