«ПСЖ» орзу томон қадам ташлади. «Арсенал» Лондонда мағлуб этилди
Чемпионлар лигасининг биринчи яримфинал учрашувида парижликлар Лондонда ажойиб футбол намойиш этишди.

Фото: Getty Imagеs
Чемпионлар лигаси. Яримфинал, биринчи ўйин
«Арсенал» – «ПСЖ» 0:1
Гол: Дембеле 4
«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт 83), Салиба, Кивёр, Люис-Скелли, Эдегор (Нванери 90), Райс, Мерино, Сака, Троссар, Мартинелли
«ПСЖ»: Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш, Витиня, Невеш (Заир-Эмери 89), Руис, Дуэ (Рамуш 76), Дембеле (Барколя 70), Кварацхелия
Огоҳлантиришлар: Троссар 10, Сака 43 – Ҳакими 44, Невеш 46
«ПСЖ» ярим йил олдин ҳам «Эмирейтс»да меҳмон бўлганди. Мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилган ўйинда «Арсенал» сафида ҳозирда жароҳатланиб ўйнай олмаётган Ҳаверц гол урган, ҳимоя чизиғида Габриэл Салиба билан жуфтлик ҳосил қилар, Мерино ҳали форвардга айлантирилмаганди, ҳозирда клубнинг ва Англия миллий жамоасининг алмаштириб бўлмас футболчиси саналган Люис-Скелли эса Микел Артетадан эндигина «тўпчилар» сафидаги илк дақиқаларига эга бўлаётганди. Сешанба оқшомидаги ўйинда эса жароҳатлардан ташқари дисквалификацияга учраган Партининг йўқлиги «канонирлар»га сезилиши олдиндан маълум эди.
Парижликлар эса ўтган вақт ичида нафақат Мбаппесиз ўйнашни ўрганиб олишди, балки яхшироқ ўйнай бошлашди ва ҳақиқий жамоага айланишди. Мавсум давомида жамоа таркиби ҳам кучайди: қишки трансферлар вақтида Кварацхелия Франция пойтахтига кўчиб ўтди, қолаверса, Лондондаги иккинчи ўйин учун таркибда кузги ўйинда Луис Энрике таркибдан четлатгани учун қатнашмаган Дембеле ҳам бор эди. Ўшанда мураббий ва футболчи ўртасидаги зиддият тезда бартараф этилган ва футболчи яна сафга қайтганди.
Мураббийнинг интизомий қарори футбочи учун яхши дарс бўлди, шундан кейин у формасини тиклади ва 2024 йилнинг охирги ойида тўрт гол ва уч узатма муаллифи бўлди. Янги йил таътилидан кейин эса мухлислар ўзгача «ПСЖ» ва «Олтин тўп» даъвосидаги янги юлдузни кўришди. Гуруҳ босқичининг 6 туридан кейин плей-оффга чиқиши гумон бўлиб турган французлар «Манчестер Сити»ни (4:2) мағлуб этиб, ўз ҳолатини яхшилади, плей-оффда эса «Ливерпул»га қарши сафардаги жавоб ўйинида вазиятни ўнглаб кейинги босқичга ўтди.
Дембеле эса 2025 йилда шундай кўринмоқдаки, бундай давр «Боруссия» ва «Барселона»да ўйнаганида ҳам бўлмаган. Франция чемпионлиги ҳал қилингач, Усмон бироз темпни сусайтирди, лекин «Арсенал» билан ўйинда яна олдинги даражани намойиш этишга киришди ва Лондонда «Энфилд»дагидан (12-дақиқа) кўра тезроқ гол урди.
Ҳисоб 4-дақиқадаёқ мезбонларнинг кучли прессингидан чиқиш орқали очилди. Мендеш орқароққа келиб ўзини таклиф қилган Дембелега пас берди, у ҳужумни ривожлантирди ва чап қанотда олдинга ташланган Хвичани тўп билан таъминлади, гуржистонлик футболчи эса барча финт ишлатиб ичкарироқ киришини кутганида тўпни Дембелега қайтарди. Бу вазиятда таянч зонасини ёпиши керак бўлган Райс Тимберга ёрдам бериш учун қанотга югурганди ва у бўш қолдирган ҳудудда тўпни қабул қилган Усмон қайтариб бўлмас зарба йўллади. Йил бошидан бери урилган 25 гол — Европа бундай сермаҳсулликни Мессининг олти йил олдинги мавсумидан буён кўрмаганди. Шунингдек, у Чемпионлар лигасининг бир мавсумида 11 гол уриб, «ПСЖ» футболчилари орасида бу борада Мбаппе билан тенглашиб олди.
«Эмирейтс» анчадан буён меҳмон жамоанинг тўлиқ устунлигига гувоҳ бўлмаганди. Биринчи бўлимнинг ярим соати давомида ҳисоб йириклашиб кетмагани «Арсенал»нинг омади келгани эди, Ҳакими Маркиноснинг узатмасидан кейин тўпни тўғри дарвозабонга қарата тепди, Ҳвичанинг навбатдаги ҳужумидан кейин тўп рикошет орқали борганига қарамай лондонликлар посбони ишончли ҳаракат қилди. Биринчи бўлимдаги энг асосий сейвни ҳам Райя ижро этди, у Дуэнинг яқин масофадан, ҳимоячилар ортидан ерлатиб берган зарбасини ҳам бартараф этди.
«Арсенал» эса фақат бўлимнинг иккинчи қисмида ўзига кела бошлади, ўнг қанотда ёпиб қўйилган Сака чапга ўтди ва Мартинелли учун вазият яратди. Шу палладан ташаббус «Арсенал» томонга ўтабошлади. Бўлим охирига бориб зарбалар бўйича кўрсаткич тенглашди, Доннарумма биринчи бўлим охирида ва иккинчи бўлим бошида Мартинелли ва Троссарнинг хавфли зарбаларини қайтарди, Мерино барибир стандарт вазиятдан кейин ҳисобни тенглаштирганида эса офсайд қайд этилди.
Иккинчи бўлимда «ПСЖ» ҳисобни сақлаш учун ўйнади ва қарши ҳужумларда пайт пойлади. Барколя ва Рамуш яккама-якка вазиятлардан фойдалана олмади. Энрике темпни пасайтириш ҳисобига ғалабали ҳисобни сақлаб қолди, «ПСЖ» ўз тарихидаги ЕЧЛ яримфиналларидаги саккиз ўйинда иккинчи ғалабасига эришди, аммо барчаси бир ҳафтадан кейин Парижда кечадиган жавоб ўйинида ҳал бўлади.
Ҳозирги «ПСЖ» энди юлдузлар жамоаси эмас, балки юлдуз жамоага ўхшамоқда, унда Ҳвича олдинги чизиқда вазиятлар яратишдан ташқари ҳимояда ҳам ишлаб, Нуну Мендешга Сакани тўхтатишда ёрдам беради. Марказий ҳужумчи позициясида тушган Дембеле эса ҳужумни бошлаш учун ҳимоя чизиғига қадар қайтади. Парижликлар ўз вақтида Месси, Неймар, Мбаппе, Кавани ва Ди Мария каби юлдузлар билан эриша олмаган орзуси томон навбатдаги қадамни ташлади. Жамоанинг ҳозирги таркиби нафақат ижодкор, балки катта ғалабалар учун майдонда жон беришга тайёр бўлган футболчилардан иборат.
Мавзуга оид

13:50
No Partey, no party. «Арсенал» нега ютқазди?

16:20 / 29.04.2025
«Арсенал» ва «ПСЖ» яна финалга чиқмоқчи. ЕЧЛ яримфиналидаги интригалар

11:37 / 28.04.2025
«Сити» финалга чиқди, «Рома» ва Шомуродов «Интер»ни тўхтатди. Кун ўйинлари

12:45 / 27.04.2025