Ўзбекистон | 14:06 / 05.05.2025
17102
2 дақиқада ўқилади

М25 конида улкан газ фаввораси юзага келди

Интернетда тарқалган видеоларда катта босим остида отилиб чиқаётган водород сулфидли газ фавворасининг баландлиги бир неча ўн метр етганини кўриш мумкин. Воқеадан 8 соат ўтиб берилган илк расмий ахборотда газ тарқалишининг олдини олиш учун оқим ёқиб қўйилгани, яқин-атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф йўқлиги айтилади.

Интернетда тарқалган видеолардан кадрлар

Сурхондарёнинг Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида газ отилиши юз берди.

Тонг соат 6 ларда рўй берган ҳолат ҳақида соат 13:57 га келиб илк расмий ахборот берилди.

Энергетика вазирлигига кўра, 5 май куни соат 6:10 да кондаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилган.

“Таркибида водород сулфиди юқори бўлган газ тарқалишининг олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Саноатконтехназорат” давлат инспексияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда.

Юзага келган ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмайди”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши 2025 йил 27 март куни ҳам қайд этилган. Ўшанда қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган.

22 апрелда эса қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган.

“Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда”, – дея қайд этган Энергетика вазирлиги.

Мавзуга оид