Жаҳон | 15:57
1704
3 дақиқада ўқилади

Ғазода шифохонага зарба оқибатида ўнлаб қурбонлар борлиги айтилмоқда

Исроил томони Ҳамас қўмондонлик марказига зарба берганини айтмоқда.

Фото: Anadolu

Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган Европа касалхонасига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди, деб хабар берди Ҳамас назорати остидаги Фуқаролик мудофааси агентлиги.

Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил авиацияси Ғазодаги шифохонага олтита бомба ташлаб, ички ҳовли ва унга туташ ҳудудга зарба берган.

Исроил мудофаа кучлари «Ҳамас террорчиларининг қўмондонлик маркази»га аниқ зарба берганини маълум қилди, уларнинг сўзларига кўра, марказ шифохона остида жойлаштирилганди.

Ҳаво ҳужуми оқибатида жабрланганлар орасида BBC билан ҳамкорлик қилган маҳаллий журналист ҳам бор.

Унга ёрдам кўрсатилган, ҳозирда у барқарор ҳолатда.

Зарба оқибатида ҳудудда бир неча чуқур ўралар ҳосил бўлган

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил дронлари бинони қамал қилиб, қутқарувчиларга воқеа жойига етиб боришга имкон бермаган.

Қайд этилишича, дронлардан бири воқеа жойига яқинлашмоқчи бўлган икки қутқарувчини жароҳатлаган.

Ideals International хайрия ташкилотида ишловчи пластик жарроҳ Том Потокар зарба берилган чоғда шифохонада бўлган.

У BBC Newshour дастурига берган интервюсида «кетма-кет олтита кучли портлаш» гумбурлагани ва шифохонага зарбалар «ҳеч қандай огоҳлантиришсиз» йўлланганини айтди.

«Ҳамма ваҳимага тушиб қолди», – деди у.

Шифокорлар ва воқеа гувоҳларига кўра, сешанба куни Ғазодаги «Носир» шифохонасининг шошилинч ёрдам бўлимига яна бир зарба берилган.

Уларнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида таниқли фаластинлик фотожурналист Ҳасан Аслих ҳам бўлган, у Исроилнинг бошқа бир ҳужуми натижасида олган жароҳатларидан даволанаётганди.

Исроил ҳарбийлари аввалроқ уни Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумига алоқадорликда айблаган эди.

Апрел ойидаги зарба натижасида Аслихнинг ҳамкасби Ҳелми ал-Факавий ҳалок бўлган, яна бир қанча журналистлар яраланди.

«Носир» шифохонаси, 13 май. Фото: AFP

Исроил мудофаа армияси ва «Шин-Бет» хавфсизлик хизматининг қўшма баёнотида айтилишича, Ҳамас Ғазо секторидаги шифохоналардан фойдаланишда давом этмоқда. Гуруҳ бу айбловларни рад этади.

Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, зарба нишони Ҳамаснинг юқори мартабали арбоби Муҳаммад Синвар бўлган – у гуруҳнинг Ғазодаги собиқ раҳбари Яҳё Синварнинг укасидир.

Тахминларга кўра, Муҳаммад Синвар ўтган йилнинг 13 июлида Исроилнинг Ғазо секторидаги авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган Муҳаммад Дейфнинг ўлимидан сўнг гуруҳнинг ҳарбий қанотига қўмондонлик қилишни ўз зиммасига олган.

Исроил расмийлари Муҳаммад Дейф ва Яҳё Синварни 2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми ташкилотчилари деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид