Жаҳон | 13:10
4120
2 дақиқада ўқилади

Каллас: Путин Зеленский билан учрашишга журъат эта олмайди

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, Россия ва Украина раҳбарларининг Истанбулдаги учрашуви «яхши қадам» бўларди, бироқ Путиннинг бунга бориши даргумон.

Фото: AFP via Getty Images

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россия Туркияда Украина билан тинчлик музокараларидан манфаатдор бўлишига ишонмаяпти. «Улар Украинани бомбардимон қилишда давом этмоқда. Агар улар тинчликдан манфаатдор бўлсалар, буни дарҳол тўхтатишлари мумкин эди», деди Каллас 13 май, сешанба куни Дания пойтахтида бўлиб ўтган Копенҳаген демократия саммити чоғида.

У Украина «шартсиз ўт очишни тўхтатиш»га рози бўлганига икки ойдан кўпроқ вақт ўтганини эслади. «Россия яққол ўйин ўйнамоқда, вақт ўз томонида бўлишига умид қилиб, вақтдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Биз улар томондан ҳеч қандай ижобий ҳаракатлар ёки яхши белгиларни кўрмаяпмиз», — деди Европа дипломатияси раҳбари.

Украина ва Россия президентлари Володимир Зеленский ва Владимир Путиннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида гапирар экан, Каллас, агар улар ҳақиқатда музокара столига ўтиришса, бу «яхши қадам» бўлишини таъкидлади. «Аммо у, Путин, журъат эта олмайди деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид