Ўзбекистон | 22:31 / 16.05.2025
3771
6 дақиқада ўқилади

16 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

1 июндан бошлиб радарлар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайди, Бухорода экскаватор аёлни босиб кетди, илк бор робот ёрдамида бош мия биопсияси бажарилди, Умра лицензиясига эга турфирмалар сони ошди, — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Радарлар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайдиган бўлди

Президент топшириғига асосан автомобил йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб йўл чизиқларини босиб қоидабузарлик содир этиш ҳолатларини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, 1 июндан шаҳарлар автомобил йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмайди.

1 сентябрдан бошлаб эса ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий бўлади.

Бундан ташқари, автобуслар ҳаракати учун ажратилган, яъни “А” ҳарфли тасмаларда соат 23:00 дан 06:00 га қадар бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади.

Яна 2 та турфирмага Умра лицензияси берилди

Дин ишлари бўйича қўмита Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги лицензия бериш бўйича танлов натижаларига кўра яна 2 та турфирмага лицензия берди.

Хусусан, танлов комиссияси Тошкент шаҳрида жойлашган Centrum holidays ҳамда Бухорода жойлашган «Бухоро умра жамияти» МЧЖларини танлов ғолиби деб топган.

Дин ишлари бўйича қўмита жорий йил 7 март куни иккинчи маротаба Умра лицензиясини олиш учун тадбиркорлик субъектларидан янги аризалар қабули бошланганини эълон қилган эди.

Kun.uz манбаларига кўра, лицензияловчи ваколатли органга 10 дан ортиқ ариза келиб тушган, лекин қўмита уларнинг фақат 2 тасига лицензия берган. Ушбу маълумотни Дин ишлари бўйича қўмита билан боғланиб, аниқлаштиришнинг имкони бўлмади. Дин ишлари бўйича қўмита янги лицензия учун танлов эълон қилинганини ҳам, унинг натижаларини ҳам кенг аҳоли фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилмаган.

Айни вақтда Ўзбекистонда Умра зиёратини ташкил қилиш учун лицензия берилган турфирмалар сони 14 тага етди.

Ўзбекистонда илк бор робот ёрдамида бош мия биопсияси бажарилди

Миллий тиббиёт марказида замонавий нейрохирургик робот — B Remebot ёрдамида Ўзбекистонда илк бор бош мия соҳасидан биопсия олиш амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Қайд этилишича, ушбу инновацион технология орқали операция юқори аниқлик, минимал шикаст ва бемор саломатлигига энг кам хавф билан бажарилган. Робот мия тўқималаридан таҳлил учун зарур намуналарни аниқ ва хавфсиз тарзда олиш имконини берган.

B Remebot роботи ёрдамида эндиликда мия ўсимталарини аниқлаш ва олиб ташлаш, эпилепсия ва Паркинсон касаллигини даволаш, мия қон томир касалликлари, шикастланишлар ва мураккаб ташхисларни аниқлаш мумкин бўлади.

Орол тубида шўрланишга чидамли ўсимлик синовдан ўтказилди

Орол денгизининг қуриган тубини экологик тиклаш мақсадида истиқболли ўсимлик турларини жорий этиш юзасидан илмий синовлар олиб борилмоқда.

Ўтказилган дала тадқиқотлари натижаларига кўра, юқори яшовчанлик кўрсатган энг истиқболли ўсимликлардан бири — гигант қамиш бўлди. Ушбу ўсимлик табиатан намликни ёқтирувчи бўлишига қарамай, шўрланган муҳитга юқори даражада мослашиш хусусиятига эга.

Тажриба майдонларида олиб борилган тупроқ қазиш ишлари натижасида ерости сувлари сатҳи тахминан 2 метр чуқурликда жойлашгани аниқланган, гигант қамиш илдизлари аллақачон биринчи йилнинг ўзида шу чуқурликка етиб бораётгани кузатилган. Бу эса ўсимликка барқарор ўсиш ва ривожланиш имконини беради.

Ўтказилаётган синовлар Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш, чанг бўронларига қарши курашиш ҳамда биологик тикланиш орқали ҳудуд экотизимини барқарорлаштириш йўлида муҳим илмий асос яратмоқда.

Экскаватор аёлни босиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида экскаватор йўлдан ўтаётган аёлни босиб кетгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси Бухоро шаҳар марказий бозори олдидаги йўлда содир бўлган.

Экскаваторни бошқариб кетаётган фуқаро Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган вақтида бозордан чиқиб, йўлни кесиб ўтаётган аёлни босиб кетган. Оқибатда 64 ёшли аёл воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов якунларига кўра ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши ва жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши таъкидланди.

Мавзуга оид